Понедельник, 13.05.2024, 04:39
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Июль » 22 » Телефонамания наркомания эмас!?
23:49
Телефонамания наркомания эмас!?
Ҳозирда илм-фан ва техника
тараққиёти шу даражага
етдики, ҳар қандай одам (хоҳ у
олим, хоҳ оми бўлсин) шахсий
қўл телефонига эга ва ундан
хоҳлаган вақтида, истаганича
фойдаланиши мумкин. Бундан
ўн-ўн беш йил илгари бу нарса
ноёб саналган бўлса, ҳозирги
кунимизда қўл телефонига эга
бўлиш одатий ҳол бўлиб қолди.
Хуллас, кўпчилик учун қўл
телефони ҳаётнинг бир
бўлагига, балки ажралмас
қисмига айланиб улгурди.
Телефон орқали бирон
манфаат келтирадиган иш
бажарилса, вақт ва пул
тежалса, қариндошлардан тез-
тез ҳол-аҳвол сўраб турилса,
яхши албатта. Қолаверса,
телефон бир вақтнинг ўзида
соат, нур таратгич, ҳисоблагич,
огоҳлантирувчи ва шу каби
вазифаларни ҳам бажаради.
Биз бу ерда қўл
телефонларининг хусусияти ва
афзалликлари ҳақида
гапирмоқчи эмасмиз. Балки
масаланинг бошқа тарафига
эътиборингизни
қаратмоқчимиз. Ҳозирги тезкор
даврда қўл телефонлари ҳар
бир фойдаланувчи учун керак
эканини инкор қила олмаймиз.
Бироқ, мобил алоқа
воситаларининг ҳар тарафлама
зарарлари ҳақида ўйлаб
кўришга кўпчилик тоқат
қилолмайди. Чунончи,
телефоннинг соғлиққа зарарли
эканини тиббиёт ходимлари
бот-бот таъкидлашмоқда...
Биз мобил алоқа воситасининг
инсон руҳияти, унинг одоб-
ахлоқига таъсири ҳақида сўз
юритмоқчимиз. Зеро, энг
муҳими ҳам шу аслида.
Қўл телефонларининг инсон
ахлоқига сезиларли таъсир
кўрсатиши аччиқ ҳақиқатдир.
Хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ зиёли,
хоҳ оми одам бўлсин, телефон
ҳар бир тоифа вакилининг
маънавий-руҳий оламига озми-
кўпми таъсир ўтказмай
қолмайди. Телефондаги
ўйинлар, интернет, айниқса,
веб сайтлардаги олди-қочти
маълумотлар, ёшларнинг ўзаро
танишув воситаси бўлган
одноклассники каби “эрмак”
нарсалар бугунги одамлар,
асосан ёшлар ахлоқига салбий
таъсир кўрсатмоқда. Ҳатто
кунига бир-икки марта однога
кирмаса, мазаси қочиб,
қалтираб қоладиганлар
“беморлар” ҳам бор.
Телефондан фойдаланувчилар
ичида ҳаётини телефонсиз, ҳа,
мана шу жонсиз, тил-забони
йўқ матоҳсиз тасаввур қила
олмаслик касаллиги ҳам
кузатилмоқдаки, бу
телефонамания иллати хуруж
қилаётганидан дарак беради.
Энг ёмони шундаки, бу иллатга
мана-ман деган ҳозиқ
шифокорлар ҳам малҳам
топиб беролмайди. Агар инсон
ўзини-ўзи ислоҳ қилмаса, уни
ҳеч ким тузатолмайди.
Болалар ва ўсмирлардаги
жиззакилик, ота-она гапига
кирмаслик, дарсларга
эътиборсизлик,
истеъдодларнинг камайиб
кетиши, уятсизлик, тарбиянинг
йўқолиши, юздан ҳаё
пардасининг кўтарилиши каби
иллатларда ҳам айнан қўл
телефонларининг “ҳиссаси”
кам эмас. Аслида ота-оналар
болаларидан хабар олиб туриш
мақсадида уларга қўл
телефонини олиб берган
бўлишлари мумкин. Аммо яхши
ниятда амалга оширилган иш
инсоннинг зиёнига хизмат
қилиши ачинарли.
Телефон тутиш касалига
учраганлар ҳатто
овқатланаётганида ҳам
телефонида нималарнидир
кўриб, эшитиб ўтирадилар.
Бундай аҳволда тановул
қилинган овқат ошқозонда
қандай ҳазм бўлишини
тасаввур қилиб кўринг! Баъзи
муккадан кетганлар анчадан
бери кўришмаётган яқинлари
билан учрашиб қолганларида
ҳам бошларини телефондан
кўтармай, суҳбатдошининг
юзига қарамасдан
“гаплашадилар”. Бу
суҳбатдошига нисбатан
ҳурматсизликдан бошқа нарса
эмас...
Ота-онасининг насиҳатига
телефондан бош кўтармай
“қулоқ солаётган” ёшлар эртага
ўзлари қандай ота-она
бўлишларини ўйласак, бу
борада муаммоларимиз кам
эмаслигини англаб етамиз.
Хуллас, қўл телефонларини
ишлатишда меъёрни унутиш,
уни ҳаётнинг бош омилига
айлантириш инсониятнинг
каттагина муаммоларидан
бири бўлиб, бунга ота-оналар
жиддий аҳамият беришлари,
катталар аввало ўзлари
телефон қулига айланиб
қолишдан эҳтиёт бўлишлари
талаб этилади. Зеро, ҳар бир
инсон онасидан озод ҳолида
дунёга келади. У ўз хоҳиши
билан тинимсиз ривожланиб,
инсонни тобора қуршаб
олаётган замонавий
технологиянинг қулига айланиб
қолса, унинг оқибати аянчли
бўлиши мумкин.
Демак, ҳазрати инсон
технологиянинг эмас, балки
темир ва пластмассадан
иборат жонсиз технология
Аллоҳ тарафидан мукаррам
қилиб қўйилган инсоннинг қули
бўлиши, ҳар қандай кашфиёт
ва янгиликлар инсон манфаати
учун хизмат қилиши керак.
Унутмайлик, баъзи ютуқларга
эришиш учун маънавий
оламимизни қурбон қилиш
шарт эмас. Акс ҳолда
замонавий технология
ютуқларига маст бўлиш,
атрофидаги одамларни
телефоннинг қилдай
симичалик қадрламаслик
қалбимизни тошдек қотириб,
ўзимизни инсонийлик
мақомидан тахмин
қилинганидан ҳам кўра анча
пастга тушириб қўйиши аниқ.
Демак, инсонга инсондек,
техникага матоҳдек муомалада
бўлиш давр талабидир.
Зиёвуддин Раҳим
Категория: Долзарб мавзулар | Просмотров: 1013 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz