Савол: 1. Ассалому алайкум. Ота-она фарзандининг рўза тутишига қаршилик қилса, қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ бўлади? 2. Ассалому алайкум! Ёшим 21да. Ҳар йили рўза тутишга ҳаракат қиламан. 3-4 кун тутганимдан кейин дадам бас қилишимни, бошқа рўза тутмаслигимни айтади. Дадам врач. Айтишича, ошқозонимни касал қилиб оларканман. Лекин дадам ошқозон бўйича мутахассис эмас. Рўза инсон соғлиғи, организми учун фойдалилигини биламан, бироқ дадамга буни тушунтириб бўлмайди. Бу ҳақида гапиришга ҳам тортинаман. Бу йил рўзани қолдирмасдан тутяпман. Сабаби дадам ой бошида санаторияга кетган. Телефонда гаплашганимизда “нега рўза тутяпсан, бас қил, барибир борганимдан кейин тутмайсан!” деб койиб берди. Хуллас, рўза тутишимга дадам рози эмас. “Ота рози – Худо рози” деган гап бор. Қандай иш тутсам тўғри бўлади? Маслаҳат беринг, илтимос? Жавоб учун олдиндан ташаккур! Жавоб: ва алайкумус салом. Аллоҳ таоло биз мўмин бандаларни ота-онага яхшилик қилишга, уларга итоат этишга чақирган. Бу фарз. Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга оқ бўлиш ҳаромдир. Бўйсуниш фақат яхши ишларда, солиҳ амалларда бўлади. Агар ота-она фарзандини гуноҳ ишга чақирса, маъсиятга сабаб бўладиган ишларни унга буюрса, фарзанд уларга итоат этмаса, гуноҳкор бўлмайди. Зеро, Холиққа (Аллоҳга) маъсият бўладиган ишларда махлуққа (одамларга) бўйсунилмайди. ﻋَﻦْ ﻋَﺒْﺪِ ﺍﻟﻠﻪِ ﺭَﺿِﻲَ ﺍﻟﻠﻪُ ﻋَﻨْﻪُ ﻋَﻦْ ﺍﻟﻨَّﺒِﻲِّ ﺻَﻠَّﻰ ﺍﻟﻠﻪُ ﻋَﻠَﻴْﻪِ ﻭَﺳَﻠَّﻢَ ﻗَﺎﻝَ: ﺍﻟﺴَّﻤْﻊُ ﻭَﺍﻟﻄَّﺎﻋَﺔُ ﻋَﻠَﻰ ﺍﻟْﻤَﺮْﺀِ ﺍﻟْﻤُﺴْﻠِﻢِ ﻓِﻴﻤَﺎ ﺃَﺣَﺐَّ ﻭَﻛَﺮِﻩَ ﻣَﺎ ﻟَﻢْ ﻳُﺆْﻣَﺮْ ﺑِﻤَﻌْﺼِﻴَﺔٍ ﻓَﺈِﺫَﺍ ﺃُﻣِﺮَ ﺑِﻤَﻌْﺼِﻴَﺔٍ ﻓَﻼَ ﺳَﻤْﻊَ ﻭَﻻَ ﻃَﺎﻋَﺔَ . ﺭَﻭَﺍﻩُ ﺍﻟْﺒُﺨَﺎﺭِﻱُّ ﻭَﻣُﺴْﻠِﻢٌ ﻭَﺃَﺻْﺤَﺎﺏُ ﺍﻟﺴُّﻨَﻦِ ﻭَﺃَﺣْﻤَﺪُ. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусулмон киши, маъсиятга буюрилмаса, ўзи яхши кўрадиган ва ёқтирмайдиган нарсаларда итоат этиши лозимдир. Агар маъсиятга буюрилса, қулоқ солиш ҳам, итоат этиш ҳам йўқ!” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари ва Аҳмад ривояти). Демак, мусулмон банда нафси хоҳлайдиган ва ўзи ёқтирмайдиган жабҳаларда ўзидан катталарга, ишбошиларга итоат этиши лозим бўлади. Қачонки унинг раҳбари ёки ота-онаси уни гуноҳ ишга буюрса, уларга бўйсунилмайди. Зеро, бунда уларга итоат этиш ҳаққи соқит бўлади. ﻋَﻦْ ﻋَﻠِﻲٍّ ﻋَﻦْ ﺍﻟﻨَّﺒِﻲِّ ﺻَﻠَّﻰ ﺍﻟﻠﻪُ ﻋَﻠَﻴْﻪِ ﻭَﺳَﻠَّﻢَ ﻗَﺎﻝَ: ﻻَ ﻃَﺎﻋَﺔَ ﻟِﻤَﺨْﻠُﻮﻕٍ ﻓِﻲ ﻣَﻌْﺼِﻴَﺔِ ﺍﻟﻠﻪِ ﻋَﺰَّ ﻭَﺟَﻞَّ. ﺭَﻭَﺍﻩُ ﺃَﺣْﻤَﺪُ ﻭَﺍﻟﻄَّﺒَﺮَﺍﻧِﻲُّ ﻭَﺳَﻨَﺪُﻩُ ﺻَﺤِﻴﺢٌ. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ азза ва жаллага маъсият (қилинадиган ишлар) да махлуққа итоат этилмайди” (Аҳмад ва Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ). Оламлар парвадигори ва Яратувчиси бўлган Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишларда Аллоҳ тарафидан яратилган ожиз бандага итоат этилмайди. Итоат фақат яхши ишларда бўлади. Маълумки, қодир ва соғлом ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун Рамазон рўзасини тутиш фарз ҳисобланади. Буни узрсиз қолдириш жоиз эмас. Рамазон рўзасини бирон сабабсиз қолдириш катта гуноҳдир! Буни тарк этиш ҳатто ота- онанинг “рухсати” билан ҳам жоиз бўлмайди. Чунончи, агар фарзанд балоғатга етган ва рўза тутишга қодир бўлса, унинг рўза тутиши фарздир. Ота- онаси унинг рўза тутишига қаршилик қилсалар, уларга ётиғи билан тушунтириши, Рамазон рўзасини қолдириш соғлом бандалар учун мумкин эмаслигини айтиши керак бўлади. Агар улар тушунмасалар, рўза тутишда давом этади. Тўғри, Аллоҳ розилиги ота-она розилигига боғлиқ. Аммо ота ёки она боласини гуноҳ ишга буюриб туриб, “қилмасанг, сендан рози эмасман”, дейиши умуман нотўғри. Яна такрор айтамиз, Рамазон рўзасини тутиш фарз. Уни узрсиз қолдириш катта гуноҳдир! Агар ота-она рўза тутиш фарзанди соғлиғига зарар етказади, деб ўйласалар, буни моҳир табиб ёрдамида аниқланади, ўзларича хулоса чиқармайдилар. Аслида рўза соғлом одам учун кони фойдали ибодатдир. Хуллас, Рамазон ойи рўзасини тутиш ота- онанинг қаршилиги билан соқит бўлмайди, бундай ҳолатда уларга Ислом шариати моҳиятини тушунтирилади, улар ҳаққига ҳидоят ва инсоф сўраб дуо қилинади. Бироқ “Рамазон рўзасини тутишим шарт”, деб ота-онага қўполлик қилиб қўйиш ҳам тўғри эмас. Балки бунда муомалани чиройли қилиш, муҳими бандаси риоясини қиламан, деб фарз ибодатдан қолиб кетмаслик талаб этилади. Тавфиқ Аллоҳдандир!