Пятница, 26.04.2024, 02:14
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Апрель » 10 » Касб-ҳунар билан боғлиқ ҳукмлар
22:04
Касб-ҳунар билан боғлиқ ҳукмлар
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм. Аллоҳ
таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз
Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар
айтамиз!
Ислом динида бандаларни ҳалол-пок ризқ
талабида меҳнат қилишга тарғиб
қилинган. Мўмин банда пок ният билан
касб-ҳунар орқали кўплаб ажр-савобларни
қозониши мумкин.
Аллоҳ таоло барча жонзотларнинг ризқини
ўз зиммасига олганини баён қилиб шундай
марҳамат қилади: “Ўрмалаган нарса борки,
барчасининг ризқи Аллоҳнинг
зиммасидадир. У зот уларнинг турар
жойларини хам, борар жойларини ҳам
билур. Ҳамма нарса очиқ равшан Китобда
бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
Яна У Зот кундузни бандалар тирикчилик
қилишлари учун қулай қилиб қўйганини
билдириб, шундай деган: “ (Аллоҳ) сизлар
учун кеча ва кундузни унга (яъни, кечада)
ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг
фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр
қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани
Унинг раҳмат-марҳаматидандир” (Қасас
сураси, 73-оят).
Бошқа оятда: “Аллоҳ сизлар ором
олишингиз учун кечани ва (касбу кор,
сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ
кундузни яратиб қўйган Зотдир. Албатта
Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат
соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари
шукр қилмайдилар” (Ғофир сураси, 61-
оят).
Яна бир бошқа оятда: “Кундузни эса
тирикчилик (учун белгиланган вақт)
қилдик”, дейилган(Набаъ сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло кундузни тирикчилик учун
осон қилиб қўйганининг ҳикматлари бисёр.
Мазкур ҳикматлардан бири банда Аллоҳ
таоло берган ризқни ҳаракат ҳамда
меҳнат билан касб қилишидир. Аллоҳ
таоло бандаларини дунёни обод қилишга
буюрган. Бунинг учун бандалар ҳалол касб
билан шуғулланишлари лозим. Бусиз дунё
обод бўлмайди. Аллоҳ инсон боласини ер
юзига халифа қилди. Агар инсон ҳаракат
ва меҳнат қилмай қўйса, у ўз Раббисининг
амрига буйсунмай, исён қилган бўлади
ҳамда ўзига юклатилган улкан бурчни
унутган кимса ҳисобланади. Шунинг учун
мўмин-мусулмон банда ўзининг ҳалол
касби ва меҳнати орқали Аллоҳ таолога
ибодат қилган ҳисобланади.
Инсон ризқ топиш учун бирор ҳунарни
эгаллаши мустаҳабдир.
Инсон дунё ҳаётини покиза ўтказиши,
иффатини сақлаши, бошқаларга қарам
бўлиб қолмаслиги учун меҳнат билан
шуғулланиши, иложи бўлса, бирор касб-
ҳунар эгаси бўлишга ҳаракат қилиши
лозим. Шунда унинг қадри баланд, шаъни
улуғ, ҳаёти ибратли, сўзи эътиборли
бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:
“Энди қачон намоз адо қилингач, Ер
(юзи) га тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу
марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар.
Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд
нажот топарсизлар” (Жумъа сураси, 10-
оят).
Аллоҳ таоло шундай дейди: “У (Аллоҳ)
сизлар учун ерни хокисор-бўйсунгувчи
қилиб қўйган зотдир. Бас, (Ернинг) ҳар
томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат
билан ёки деҳқончиликни касб қилиб)
юраверинглар ва (Аллоҳ берган) ризқ-
рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига
тирилиб чиқиш – қайтиш бордир” (Мулк
сураси, 15-оят).
Мазкур оятларда бандаларни ризқ
талабида ҳаракат қилиш, ҳаёт учун, уни
обод қилиш учун интилишга тарғиб
қилиниб, дангасалик ва ишёқмасликдан
қайтарилмоқда.
Ҳадисларда ҳам ҳалол касб-ҳунар ва
меҳнатнинг фазилатлари зикр қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин
бандани яхши кўради”, дедилар
(Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳудан
ривоят қилган).
Умар ибн Хаттоб шундай деган: “Менга
бир одам кўринишидан яхшига ўхшаб
туюлса, “унинг бирор ҳунари борми?” деб
сўрайман. Агар “ҳунари йўқ”, деб жавоб
қилишса, менинг назаримда унинг қадри
тушади”.
Ўтган пайғамбарлар, солиҳ зотларнинг
барчалари касб-ҳунар билан
шуғулланишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савдо-
сотиқ қилганлари маълум. У зот
соллаллоҳу алайҳи васалламга яхшилик
билан эргашган салафи солиҳларимиз ҳам
касб-ҳунарли бўлишган.
Ҳадисда шундай дейилган: “Сизлардан
бирингизнинг қўлида бир хурмо кўчати
бўлгани ҳолда қиёмат қоим бўлиб қолса
ҳам барибир эксин. Қиёмат бўляпти, деб
отиб юбормасин”.
Ҳикоя қилинишича Xорун ар-Рашид кўчат
экаётган қарияни кўриб қолди. Унга:
– Отахон! Сиз бу экаётган ниҳолнинг
мевасини кўрмайсиз-ку, бу қадар терлаб
пишасиз. Ўзингизни кўп қийнаманг, –
деди.
Қария Xорун ар-Рашидга:
– Эй подшоҳ! Биздан аввалгилар дарахт
экдилар. Биз улардан баҳраманд бўлдик.
Энди биз ҳам экяпмизки, биздан
кейингилар баҳраманд бўлишсин, – деб
жавоб берди.
Xорун ар-Рашид мўйсафиднинг бу
ҳикматли сўзидан мамнун бўлиб, дарҳол
чўнтагидан бир олтин олиб қарияга
узатибди. Шунда у:
– Подшоҳим! Кўрдингизми? Эккан
ниҳолимнинг мевасини ҳозир олдим, –
дебди.
Касб-ҳунар ва меҳнат билан дунё обод
бўлади, гуллаб яшнайди. Дангасалик эса
одамга фақат шармандалик олиб келади,
хорлик келтиради. Пайғамбаримиз
соллаллоҳу алайҳи васаллам ожизлик ва
дангасаликдан паноҳ сўраганлар. Биз ҳам
у зотга уммат ўлароқ дангасаликдан
йироқ бўлишимиз ҳамда ўзимизнинг ҳалол
меҳнатимиз билан эл-юртга,
мусулмонларга манфаат келтиришга
астойдил ҳаракат қилишимиз лозим.
Ҳаким Абул Қосим айтади: “Ҳалолдан касб
қилиш иффатли камбағални
гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини
бекитади, пасткаш ғийбатчининг тилини
кесади”.
“Бўстонул-орифин” китобида шундай нақл
қилинган: “Кишида олтита хислат бўлса, у
одамларнинг саййиди бўлади. Учтаси уйдан
ташқарисида, учтаси уйнинг ичида. Уйдан
ташқаридаги хислатлар: олимлардан
истифода этиш – илм олиш, тақводорлар
билан аралашиб юриш, ўзини ва
оиласининг озуқасини ҳалол йўл билан
талаб қилиш. Уйнинг ичидагилари: аҳли
оиласи билан уламолардан эшитган
нарсаларини эслаши, тақводорлардан
кўрган нарсага амал қилиши, оиласининг
тоқатига этадиган кийим ва таомни ҳозир
қилиши”.
Касб-ҳунарнинг фазилатлари ҳақида
уламоларимизнинг айтган ҳикматли панд-
насиҳатлари жуда ҳам бисёр бўлиб, биз
юқорида улардан айримларини мухтасар
зикр қилиб ўтдик, холос. Бир яхшиликка
тарғиб қилишдан олдин аввал унинг
фазилатларини зикр қилиш ўтган
уламоларимизнинг гўзал одатлари
бўлганлиги учун ҳам биз уларга эргашиб,
касб-ҳунар фазилатлари тўғрисида
қисқача тўхталиб ўтдик.
Касб-ҳунарнинг шариатдаги ҳукми
Уламоларимиз касб-ҳунар ҳамда меҳнат
қилишнинг ҳукми борасида шундай
дейишган: “Касб-кор билан шуғулланиш
шунга муҳтож ва қодир бўлган одам учун
фарздир. Чунки балоғатга етган инсон ўз
зиммасидаги молиявий бурчларини шу йўл
билан адо этади. У ўзига, аёлига, кичик
болаларига, қийналган ота-онасига, Аллоҳ
йўлида жангга ва бошқа ишларга сарф
қилиш учун ишлаши лозим.
Моли ва ўз обрўсини ошириш, фароғатда
яшаш, оиласига кенглик яратиш учун касб-
кор билан шуғулланиш жоиз. Касб
инсоннинг дини, обрўси ва одамийлигини
сақлаган ҳолда ва зиммасидаги бурчларини
адо этишга халақит бермайдиган шаклда
бўлиши керак”.
Мусулмонлар юртида хоҳ эҳтиёж бўлсин,
хоҳ бўлмасин, барча ҳунарларнинг асоси
йўлга қўйилган бўлиши фарзи кифоядир.
Касб-ҳунарлар ҳукм жиҳатидан бир неча
турга бўлинади:
1. Фарз касб. Бу ўзи ва оиласи, қарзларини
адо этиш, қарамоғидаги нафақадор
одамларнинг таъминоти учун етадиган
миқдорда пул топиш. Агар ўзи ва
оиласининг эҳтиёжига ғамлаб қўйиш учун
меҳнат қилса, бу ҳам жоиз.
2. Мустаҳаб касб. Бу юқоридаги
миқдордан зиёда касб бўлиб, фақирга
ёрдам бериш, қариндошга мурувватли
бўлиш учун меҳнат қилишдир. Бундай
меҳнат нафл ибодатлар билан машғул
бўлишдан афзалдир.
3. Мубоҳ касб. Бу зиёдалик ва ҳаёт
гўзаллиги учун кўпроқ ишлаш, дегани.
4. Макруҳ касб. Бу ҳалол йўл билан бўлcа
ҳам мақтаниш ва молпарастлик
мақсадида меҳнат қилишдир.
Меҳнат ва ҳунар ўртасидаги фарқ
Меҳнат билан ҳунарнинг ўзаро муносабати
шундай изоҳланади: “Ҳунар билан меҳнат
ўртасидаги алоқа шуки, меҳнатнинг
маъноси ҳунардан кўра кенгроқдир. Чунки
меҳнат баъзан ҳунар бўлади, баъзан ҳунар
бўлмайди”.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида меҳнатга
“кишининг ақл ёки куч билан амалга
оширадиган мақсадли фаолияти; иш” деб
таъриф берилган. Ҳунарнинг таърифида
эса “кишининг муайян тайёргарлик талаб
қиладиган, тирикчилигининг асосий
манбаи бўлган машғулоти; касб” дейилган.
Демак, меҳнат инсоннинг нима бўлса ҳам
бирор иш тури билан машғул бўлиши,
касб-ҳунар эса махсус илм ва алоҳида
тайёргарлик натижасида ҳосил
қилинадиган малакаси, ихтисослигидир.
Касб-корнинг турлари
Сарахсий айтади: “Касб-кор йўллари тўрт
хилдир: ижара, тижорат, зироат, синоат
(ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, саноат).
Буларнинг барчаси мубоҳликда
баробардир”.
Мовардий бу айтилганлар қаторига
чорвачиликни илова қилган.
Ҳаётда мавжуд касб турларининг барчаси
бевосита ёки билвосита мана шу тўрт
навнинг биронтасига киради. “Синоат”
сўзини ҳолатга қараб, “саноат” деб ҳам,
“ҳунармандчилик” ёки “касб” деб ҳам
таржима қилиш мумкин. Араблар шеър
ёзиш, чиройли сўзлаш каби ақлий
фаолиятдан тортиб, қўлда бажариладиган
жуда кўп ишларни “синоат” калимаси
билан ифодалашади.
Ислом фуқаҳолари оят ва ҳадисларга
асосланган ҳолда касб-ҳунарлар
таснифига жиддий аҳамият қаратишган ва
китобларда турли касбларнинг зикрига
кенг ўрин беришган.
Касб-ҳунарлар икки гуруҳга тасниф
қилинади:
Биринчи гуруҳ – шарафланадиган касблар;
Иккинчи гуруҳ – паст даражали касблар.
Фуқаҳоларимиз паст даражали касбларни
ҳам иккига ажратишган:
Улардан бири – ҳаромлиги қатъий
далиллар билан баён қилинган касблар;
Иккинчиси – ҳаромлиги қатъий далилларга
асосланмаган ҳунарлар.
Уламолар шарафли соҳаларнинг энг улуғи
илмдир, дейдилар. Илм маърифат
йўлларини очишга боғлиқ амалларнинг энг
шарафлиси эканида бирор ихтилоф
бўлмаган.
Фуқаҳолар шарафланадиган касбларни
ўзлари асосланган жиҳатларга кўра
таққослаганлар. Улар энг шарафли касб
илмий соҳа ва илмга боғлиқ бўлган
қозилик ва раҳбарлик соҳалари эканига
иттифоқ қилишган. Шунинг учун
ҳанафийлар “мударрис йигит амирнинг
қизига уйланишга лойиқ”, деб ёзганлар.
Мударрис бугунги тилда ўқитувчи,
муаллим ёки педагог, дейилади.
Ўқитувчилик касбининг мақоми ва қадри
турли жамиятларда турличадир. Илм
қадрланадиган жамиятларда муаллимлик
улуғ касбдир.
Илмдан сўнг касбларнинг энг улуғи ва
афзали ҳақида қадимдан уламоларимиз
турлича ижтиҳод қилганлар. Бу масалада
ҳанафий мазҳаби уламоларининг хулосаси
шуки, ҳам ризқ келишига, ҳам Исломнинг
кучайишига xизмат қиладиган амал
касбларнинг афзалидир.
Қадимги уламолар илмдан кейинги
даражада зироат, ундан сўнг тижорат,
кейин саноат келишини айтишади.
Айримлар зироатдан аввал тижоратни
тилга олишади. Бу мавзудаги ижтиҳодлар
ва фикрларнинг умумий маъноси шундан
иборатки, ҳар бир замонда қайси иш
одамларга кўпроқ фойда келтирадиган
бўлса, ўша энг яхши касб саналади. Бунга
қуйидаги ҳадис далилдир. Абдуллоҳ ибн
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига
келиб сўради: “Эй Расулуллоҳ,
одамларнинг қайси бири Аллоҳга
суюклироқ?” Расулуллоҳ: “Одамлар ичида
Аллоҳга энг суюкли инсон одамлар учун
кўпроқ фойда етказадиганидир”, дедилар
(“Ат-тарғиб ват-тарҳиб”).
Паст даражали касблар
Паст даражали касблар икки турга
бўлинади:
1. Ҳаромлиги қатъий бўлган ишлар;
2. Ҳаромлиги аниқ эмас, аммо ёқимсиз
касблар.
Фуқаҳолар шарафли касбларни ажратиш
учун паст даражали ҳунарларни аниқлашга
қаттиқ эътибор беришган. Паст даражали
ҳунарлар деганда одамийликни
кетказадиган, инсон шаънини
пасайтирадиган ҳар қандай иш
тушунилади. Фуқаҳолар зинокорлик, ароқ
сотиш каби ҳаром касбларни паст
даражали ҳунарлар эканига иттифоқ
қилишган. Улар ҳаром касблардан
ташқари паст даражали ҳунарларни
белгилашда икки хил усулни қўллашган.
Биринчи усул. Аниқ сифатлар билан
белгилаш. Бунга мисол шофеийлар
нажосатга қўл уриладиган ҳар қандай
ҳунар паст ишдир, дейишган.
Иккинчи усул. Паст ҳунарларни урфга
кўра белгилаш. Бу кўпчилик уламоларнинг,
жумладан, шофеийларнинг ҳам
йўлларидир. Улар паст ҳунарларни
белгилашда ўзлари яшаган асрда амалда
бўлган урфга суянган ҳолда ижтиҳод
қилганлар.
Иккинчи усулга кўра, паст даражали
ҳунарлар замон ва маконга қараб ёки
одамларнинг урф-одатларига кўра
белгиланади. Шундай экан, бир даврда
ёки бир мамлакатда паст саналган иш
бошқа бир замонда ёки бошқа бир
жамиятда яхши иш, деб қаралиши мумкин.
Китобларда шариат ҳаром қилган
амалларни ифлос касблар, дея
қораланган. Одамлар ундай ишлардан
узоқ бўлишлари учун унга тегишли
ҳукмлар баён қилинган.
Ифлос касб бировнинг молини ғайри
шаръий йўл билан олишдир. Бунга қимор,
алдамчилик, босқинчилик, ҳақларни инкор
қилиш, эгаси рози бўлмаган молни ёки
эгаси рози бўлса ҳам шариат ҳаром қилган
молни ўзлаштириш киради. Фоҳишалик
пули, коҳинлик пули, ароқ, тўнғиз
кабиларнинг пуллари шунга мисол бўлади.
Исломда ифлос касбларнинг гуноҳлиги ва
зарарлари баён қилинади ҳамда бундай
ишлар билан шуғулланиш давлат
томонидан тақиқланади. Мовардий
ўзининг“Ал-аҳкомус-султонийя” номли
асарида шундай дейди: “Тартиб нозири
одамларни коҳинлик ва бемаъни ишлар
билан шуғулланишдан манъ қилади. Бундай
ишда олди-берди қилганларга таъзир
беради”.
Гувоҳлиги рад этиладиган касб эгалари
Фуқаҳолар мунажжим, фолбин каби ҳаром
касб эгасининг гувоҳлиги рад этилишига
иттифоқ қилишган. Шунингдек, рибога кўп
йўлиқадиган заргарлик ва саррофлик
касби эгалари учун ҳам (агар улар
рибодан ҳазар қилишмаса) шу ҳукм
қўлланади.
Фақиҳлар паст даражали касблар,
масалан, қон олувчи, ахлат тозаловчи
каби касб эгаларининг гувоҳлиги ҳақида
ихтилоф қилишган. Тўғриси шуки –
ҳанафийлар, шофеийлар, моликийлар ва
бир қавлда ҳанбалийлар ундай касб
эгаларининг гувоҳликлари қабул қилинади,
дейишган. Чунки бундай касбларни солиҳ
инсонлар ҳам қилишган. Аллоҳ таоло
Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли
бўладиганингиз энг тақволи
бўлганингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Моликий ва шофеийлар, бу ишни қилувчи
одамнинг тирикчилиги ва оиласининг
таъминоти шу ишга боғлиқ бўлиб қолмаган
бўлса, ўзи ҳам шу ишнинг эгаси бўлмагани
ҳолда ўз ихтиёри билан шуни танлаган
бўлса, гувоҳлиги қабул қилинмайди,
дейишган. Чунки бу унинг фаросати кам
эканига далолат қилади. Аммо у одам шу
ишнинг устаси бўлса ёки мажбурликдан
қилаётган бўлса, гувоҳлиги рад этилмайди.
Умиджон Турсинов тайёрлади
Фойдаланилган манбалар рўйхати:
1. “Фатово Ҳиндийя”.
2. “Ҳошияту ибн обидин”.
3. “Ал-мавсуатул-фиқҳийя ал-кувайтийя”.
4. Абул Лайс ас-Самарқандий, “Бўстонул-
орифин”.
5. Алоуддин Мансур, “Қуръон маънолари
таржимаси”.
6. Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори
Юнусхон ўғли, “Кенг ризқ ва барака
омиллари”.
Категория: Фиқҳ | Просмотров: 2065 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz