Пятница, 10.05.2024, 06:09
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Июль » 4 » Хожатхона ва Истинжо одоблари.
14:17
Хожатхона ва Истинжо одоблари.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг ҳадиси
шарифларида ҳожатхона
одоблари борасида жуда
кўплаб йўл-йўриқлар
кўрсатилган. Бу одобларга
амал қилиш кишининг пок
бўлишида катта аҳамият касб
этади. Қуйида ана ўша
ривоятлар асосида ҳожатхона
ва истинжо одобларини
ўрганамиз.
Одамлар кўзи тушмайдиган
жойларда ҳожат чиқариш.
Ким ҳожат чиқармоқчи бўлса,
бировнинг кўзи тушмайдиган
яширин жойни танлаши
лозим. Бу нарса ҳали
ҳожатхоналар қуриш урф
бўлмаган давларга хос бўлса-
да, барибир киши ҳожат
чиқараётганда ўзгаларнинг
назаридан четда бўлиши,
авратини беркитиши талаб
этилади. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг гўзал
одобларидан бири ҳам
шундай эди.
Муғийра ибн Шуъба
розийаллоҳу анҳудан ривоят
қилинишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам борадиган жойга
борсалар, узоқлашиб кетар
эдилар (Сунан соҳиблари, Ибн
Хузайма, Ҳоким, Табароний
“Кабийр”да ривоят қилган.
Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам очиқ жойда ҳожат
чиқармоқчи бўлсалар,
одамлар кўзи тушмайдиган
ўринни танлар эдилар.
Авратни бировлар нигоҳидан
беркитиш ва одамларга зиён
етказмаслик учун ҳам шундай
қилардилар муҳтарам
Пайғамбаримиз.
Жобир ибн Абдуллоҳ
розийаллоҳу анҳудан ривоят
қилинишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳожат чиқармоқчи
бўлсалар, ҳеч ким
кўрмайдиган масофагача
кетар эдилар (Абу Довуд ва
Байҳақий ривояти. Ривоят
санади саҳиҳ).
Бу ривоятда ҳам
аввалгисидаги маъно
таъкидланмоқда. Уламолар
ушбу ривоятлардан келиб
чиқиб, ҳожат чиқармоқчи
бўлган одам кишилар кўзидан
узоқроқ бўлиши, унинг овози
эшитилмаслиги ва ҳиди
келмаслиги лозимлигини
алоҳида таъкидлашган.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Бир куни
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам мени
уловларига мингаштириб,
менга бир сирли гапни
айтдилар. Мен уни
одамлардан ҳеч кимга
айтмайман. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳожат пайтида
дўнглик ёки хурмо (боғининг)
деворини тўсиқ қилишни
яхши кўрар эдилар” (Муслим,
Абу Довуд, Доримий, Ибн
Можа, Аҳмад ва Ибн Хузайма
ривояти).
Юқорида Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ҳожат чиқариш пайтида
одамлар кўзидан узоқ
кетишлари айтилган бўлса, бу
ерда у зот бунинг учун қандай
жойларни танлаганлари зикр
қилинмоқда. Демак, у зот
кишилар нигоҳи тушмаслиги
учун дўнглик ёки хурмо боғи
деворини ҳожат чиқариш
учун танлардилар. Уламолар
мана шу ривоятдан келиб
чиқиб, “ҳожат чиқараётган
одамнинг бирон аъзоси
ўзгаларга кўриниши керак
эмас. Бу суннати
муаккададир”, дейишган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким сурма қўйса, тоқ
қилсин. Ким шундай қилса,
яхши қилибди. Ким қилмаса,
ҳечқиси йўқ. Ким тош билан
истинжо қилса, тоқ қилсин.
Ким шундай қилса, яхши
қилибди. Ким қилмаса,
зарари йўқ. Ким таом еб
тиши орасидаги
қолдиқларни чиқарса,
тупуриб ташласин. Тили
билан чиқарганини
ютаверсин. Ким ҳожатга
борса, бас, ўзини пана жойга
олсин. Агар қум уюмидан
бошқа нарса топа олмаса,
унинг орқасига ўтиб олсин.
Зеро, шайтонлар Одам
боласи орқасини ўйнайди.
Ким шундай қилса, яхши
қилибди. Ким қилмаса,
зарари йўқ”, дедилар” (Абу
Довуд, Доримий, Аҳмад ва
Табароний ривояти. Ҳадис
лафзи Доримийга тегишли ва
унинг санади ҳасан).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ушбу
ҳадисларида тўрт нарсанинг
муҳим жиҳатларини баён
қилмоқдалар.
“Ким сурма қўйса, тоқ
қилсин. Ким шундай қилса,
яхши қилибди. Ким қилмаса,
ҳечқиси йўқ”.
Бизда сурмани фақат аёллар
қўйиши урф бўлган. Аслида
мусулмон эркак ва аёллар
бирдек сурмадан
фойдаланишлари мумкин.
Сурманинг ҳижоб ёки
билакузук каби аёлларга
хослик жойи йўқ. Сурма кўзга
жуда фойдалидир. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
сурма қўйганлар ва
умматларини ҳам бу ишга
тарғиб қилганлар. Бу ҳадисда
сурмани тоқ қўйиш тавсия
қилинмоқда. Уламолар буни
изоҳлаб, ҳар бир кўзга уч
мартадан сурма қўйилади,
дейишган. Ким суннатга
эргашиб, сурмани тоқ қўйса,
савобга эришади. Чунки Аллоҳ
тоқ ва тоқни яхши кўради.
Агар ким жуфт қўйса, зарари
йўқ, гуноҳ бўлмайди.
“Ким тош билан истинжо
қилса, тоқ қилсин. Ким
шундай қилса, яхши
қилибди. Ким қилмаса,
зарари йўқ”.
Ким тош билан истинжо
қилса, уч, беш ёки еттита тош
ишлатсин. Ким шундай қилса,
савоб олади. Агар ким жуфт
ишлатса, зарари йўқ. Сабаби
истинжодан мақсад,
тошларни тоқ ишлатиш эмас,
покланишдир.
“Ким таом еб тиши
орасидаги қолдиқларни
чиқарса, тупуриб ташласин.
Тили билан чиқарганини
ютаверсин”.
Ким таом истеъмол
қилганидан кейин тишлари
орасида қолган нарсаларни
тиш кавлагич билан чиқарса,
уни тупуриб ташласин. Чунки
унга қон аралашган бўлиши
мумкин. Бунинг биз билмаган
бошқа сабаблари ҳам бор.
Ким тиши орасидаги
қолдиқни тили ёрдамида
чиқарса, ютиши мумкин.
Лекин тили билан чиқарганда,
ўша нарсага қон аралашган
бўлса, уни ютиш мумкин эмас.
“Ким ҳожатга борса, бас,
ўзини пана жойга олсин. Агар
қум уюмидан бошқа нарса
топа олмаса, унинг орқасига
ўтиб олсин. Зеро, шайтонлар
Одам боласи орқасини
ўйнайди. Ким шундай қилса,
яхши қилибди. Ким қилмаса,
зарари йўқ”.
Ким очиқ жойда қазои ҳожат
чиқармоқчи бўлса, иложи
борича ўзини панага олсин.
Агар саҳрода бўлиб,
беркиниши учун бирон нарса
топа олмаса, қумни тўплаб,
ўшанга орқа ўгириб ўтирсин.
Шунда шайтоннинг зараридан
сақланади. Кимки тавсияга
қулоқ осиб, ўзини четроққа
олса, яхши. Аммо ким бундай
қилмаса, зарари йўқ.
Турган ҳолатда аврат
очилмайди. Бу ҳам
истинжонинг муҳим
одобларидандир.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу
ривоят қилишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳожат чиқаришга
борсалар, ўтирмагунча
кийимларини кўтармас
эдилар (Абу Довуд, Термизий,
Доримий, Байҳақий “Ас-
сунанул кубро”да ва
Табароний “Авсат”да ривоят
қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Юқорида айтиб
ўтганимиздек, авваллари
қазои ҳожат очиқ жойларда
амалга оширилар, махсус
ҳожатхоналар кам эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам ҳожат чиқармоқчи
бўлсалар, авратлари кўриниб
қолмаслиги учун аввал ерга
ўтириб, кейин либосларини
кўтарар эдилар. Тийбий: “Бу
нарса очиқ жойда ва бино
ичида ҳам бир хил. Кийимни
кўтариш авратни очиш
дегани. Бу фақат зарурат
юзасидан мумкин. Шу сабаб
олдин ерга яқинлашиб, кейин
кийим кўтариш лозим”, деган.
Ҳожатхонага киришдан
аввал Аллоҳ зикри ёзилган
нарсаларни (узук, Қуръон ва
ҳ.к.) ташқарида қолдириш
лозим.
Чунки, ҳожахона нопок жой
экани ҳаммамизга маълум.
Бундай ерларга муқаддас
калом ва зикрлар ёзилган
нарсалар билан кириш маъқул
эмас. Шунингдек, фаришталар
ва Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам исми ёки
сифатлари ёзилган нарсалар
ҳам ҳожатхонага олиб
кирилмайди.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам қачон ҳожатхонага
кирсалар, узукларини ечиб
қўяр эдилар” (Сунан
соҳиблари, Ҳоким, Ибн
Ҳиббон, Абу Яъло, Байҳақий
“Ас-сунанул кубро”да ривоят
қилган. Мунзирий ва Термизий
ҳадис санади саҳиҳ,
дейишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам узукларига
“Муҳаммадур росулуллоҳ” деб
ёзилганди. У зот ўшу узук
билан мактубларга муҳр
босардилар. Қачон
ҳожатхонага борсалар, узукни
ечиб қўярдилар.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
узукларининг ёзуви уч қатор
эди: “Муҳаммадун” бир қатор,
“Росулу” бир қатор ва “Аллоҳ”
бир қатор” (Термизий ва Ибн
Ҳиббон ривояти. Ривоят
санади саҳиҳ).
Икримадан ривоят қилинади:
“Ибн Аббос ҳожатхонага
кирса, узугини менга тутқазар
эди” (Ибн Абу Шайба
ривояти).
Зуҳрийдан ривоят
қилинишича, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам “Муҳаммадур
Росулуллоҳ” деб ёзилган
узук тақар, қачон
ҳожатхонага кирадиган
бўлсалар, уни ечиб
қўярдилар (Ҳоким ривоят
қилган ва: “Бу ҳадис икки
шайх шартига кўра саҳиҳ”,
деган).
Бу ривоятда юқоридаги
маъно таъкидланмоқда.
Баъзилар юқоридаги ҳадисни
заиф, деганлари учун ҳам, уни
қувватлаш учун мазкур
ривоятни келтирмоқдамиз.
Ҳожатхонага киришдан
олдин “бимиллаҳ” дейиш.
Али розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам шундай деганлар:
“Агар биронталари
ҳожатхонага кирса, жин ва
одам болалари аврати
орасида тўсиқ (бўладиган)
нарса “бисмиллааҳ”,
дейишидир” (Термизий, Ибн
Можа ва Аҳмад ривояти.
Ривоят санади саҳиҳ).
Мўмин эркак ва аёллар
ҳожатхоанага киришдан
олдин “бисмиллаҳ”, десалар,
жинлар одам боласи авратига
назар сололмайди, яъни, киши
авратини жинларга
кўрсатмайдиган парда пайдо
бўлади.
“Бисмиллаҳ”дан сўнг
қуйидаги ривоятда келган
дуони ўқиш.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам
ҳожатхонага кирсалар:
“Аллоҳумма инний аъувзу
бика минал хубуси вал-
хобааис”, деб
айтардилар” (Бухорий,
Муслим, Сунан соҳиблари,
Доримий, Аҳмад ва Ибн
Ҳиббон ривояти).
Дуонинг маъноси қуйидагича:
“Эй Аллоҳим, мен Сендан
эркак ва аёл жинлар
ёмонлигидан паноҳ
беришингни сўрайман!”
Ҳожатхонада Аллоҳ номи зикр
қилинмагани учун у ерни
эркак ва урғочи жинлар ҳамда
шайтонлар макон тутади. Шу
сабаб ҳожатхонага киришдан
олдин уларнинг ёмонлигидан
Аллоҳ асрашини сўраши
лозим. Акс ҳолда жин ва
шайтонлар бандага зарар
келтиришлари мумкин.
“Бисмиллаҳ” ва мазкур
ривоятда келган дуо
ҳожатхона ташқарисида
ўқилади. Ҳожатхона хоҳ очиқ
жойда, хоҳ ёпиқ жойда
бўлсин, ушбу дуо ўқилаверади.
Агар ҳожатхона бино
шаклида бўлса, унга
киришдан олдин, агар очиқ
жойда бўлса, ҳожат
чиқаришга тайёрланаётганда
ўқилади.
Зайд ибн Арқам розийаллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам: “Бу боғларда жин
ва шайтонлар бўлади. Агар
сизлардан биронтангиз унга
кирса, “эй Аллоҳим, мен
Сендан эркак ва урғочи
жинлар (ёмонлиги)дан паноҳ
беришингни сўрайман”,
десин”, деганлар. (Абу Довуд,
Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон,
Табароний “Кабийр”да
ривоят қилган. Ривоят санади
саҳиҳ).
Ҳожатхонага чап оёқ билан
кириб, ўнг оёқ билан чиқиш.
Ислом одобига кўра, пок
жойларга ўнг оёқ билан
кирилади. Нопок ерларга эса
чап оёқ биринчи босилади.
Ҳожатхона ҳам нопок
жойлардан бўлиб, у ерга чап
оёқ билан кириш одобдандир.
Турли хил жойлар фазилатда
бир-биридан устун туради.
Масалан, мўмин кишининг уйи
кўчадан афзалдир. Шу сабаб у
кўчага чап оёғи билан чиқади
ва уйга киришда аввал ўнг
оёғини босади. Кўча эса
бозордан покизароқдир.
Бозорда ҳар хил ёлғон ва
хиёнатлар содир бўлади. Шу
сабаб бозорга чап оёқ билан
кириб, ўнг оёқ билан
чиқилади.
Ҳожатхонага киришдан аввал
сув ва зарур нарсалар
тайёрлаб олиш керак. У ерга
оёқяланг ва бошяланг
кирилмайди.
Ҳожатхонада олди ёки
орқасини қиблага қаратиб
ўтирмайди.
Қибла мўмин банда ибодатда
юзланадиган томон бўлиб,
Исломнинг энг асосий
шиорларидандир. Шу сабаб
ҳожатхонада олдини ёки
орқасини қиблага ўгириб
ўтириш одобсизлик саналади.
Абу Айюб Ансорий
розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ривоят қилади:
“Агар биронтангиз
ҳожатхонага борса, қиблага
юзаланмасин ва у томонга
орқасини ҳам ўгирмасин,
балки шарққа ёки ғарбга
юзланинглар” (Бухорий,
Муслим, Сунан соҳиблари,
Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва
Дорақутний ривояти).
Ушбу ҳадисда қазои ҳожат
пайтида қиблага юзини ёки
орқасини қилмаслик
кераклиги таъкидланмоқда. Бу
нарса ҳожатхона
одобларининг энг
асосийларидан биридир.
Ривоятдаги “балки шарққа
ёки ғарбга қараб
юзланинглар” жумласи
Мадина аҳлига тегишли. Улар
шу тарафга қараб ўтирсалар,
қибла ён томонларида бўлади.
Бошқа юртларда қибла айнан
шарқ ёки ғарб томонда
бўлиши мумкин. Улар бу
ҳадиснинг зоҳирига эмас,
балки моҳиятига амал
қилишлари керак бўлади.
Аёл киши боласини катта ёки
кичик ҳожат учун қибла
тарафга қаратиши мумкин
эмас. (“Ас-сирожул-ваҳҳаж”).
Салмон розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам бизларни катта ёки
кичик таҳорат ушатишда
қиблага юзланиш, ўнг қўл
билан истинжо қилиш,
учтадан кам тош билан
истинжо қилиш ва
истинжода тезак ва суяк
ишлатишдан
қайтарганлар” (Муслим, Абу
Довуд, Термизий, Насоий ва
Табароний ривояти).
Ушбу ривоятда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
саҳобаларга ҳожатхона
одобларини қай тариқа
ўргатганлари ҳақида сўз
бормоқда. Бундан шундай
хулоса қилиш мумкинки,
жоҳилият даврида одамлар
поклик масаласига беэътибор
бўлишган. Ислом эса
мусулмонларни ҳар бир
соҳада пок бўлишга ундаган
ва банданинг қалби, танаси ва
кийими пок бўлишини талаб
қилган.
Ушбу ривоятдан қуйидаги
одобларни билиб оламиз:
– ҳожатхонада қиблага
юзланмаслик;
– қазои ҳожатда ўнг қўлни
ишлатмаслик;
– истинжода камида учта тош
ишлатиш яхши экани;
– тезак ва суяк билан истинжо
қилмаслик.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва салламдан ривоят қилади:
“Ким ҳожатхонада қиблага
юзланмаса ва у тарафга
орқасини ўгирмаса, унга бир
ҳасана ёзилади ва бир
гуноҳи
ўчирилади” (Табароний
“Кабийр” ва “Авсат”да ривоят
қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ким шариатда буюрилгани
учун шундай қилса, ваъда
қилинган нарсага эришади.
Уламолар: “Ким ҳожат
чиқараётганда билмасдан
юзини ёки орқасини қибла
томонга қаратса, имкон қадар
қибладан бошқа томонга
қайрилиши керак”, дейишган.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Мен опам
Ҳафсанинг уйига бордим ва
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам юзларини
Шом тарафга ва орқаларини
қиблага қаратиб ҳожат
чиқараётганларини
кўрдим” (Бухорий, Муслим,
Термизий ва Аҳмад ривояти).
Бу ривоят ҳақида турли
фикрлар айтилган. Жумладан,
Ибн Умар кўрган ҳолат бино
ичида бўлган ёки бу нарса
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг ўзларига хос,
деган талқинлар бор.
Баъзилар: “Агар ҳожатхона
бино шаклида бўлса, у ерда
юзни қиблага қаратиш ёки у
томонга орқа ўгиришнинг
зарари йўқ”, дейишган. Лекин,
афзали, хоҳ очиқ жойда
бўлсин, хоҳ бино ичида
бўлсин, ҳожат чиқариш учун
қиблага юзланмаслик ёки
орқани қаратмасликдир.
Ҳожатхона қураётганда шу
жиҳатни эътиборга олиш
лозим.
Ҳанафийлардан бошқа
жумҳур уламолар фикрича,
қазои ҳожат учун мослаб
қурилган бино ичида қиблага
олди ёки орқасини қилиб
ўтириш макруҳ эмас. Бунга
улар мана шу ва бошқа
ривоятларни далил қилганлар.
Марвон ал-Асфар ривоят
қилади: “Мен Ибн Умар
уловини қибла тарафга
турғазиб қўйиб, сўнг ўша
томонга қараб ўтириб бавл
қилаётганини кўрдим ва: “Эй
Абу Абдураҳмон, бу ишдан
қайтарилганмиз-ку”, деган
эдим, у: “Ҳа, очиқ жойда бу
ишдан қайтарилган. Аммо,
сен билан қибла ўртасида
бирон нарса бўлса, зарари
йўқ”, деди” (Абу Довуд, Ибн
Хузайма, Ҳоким, Дорақутний
ривояти. Ривоят санади
ҳасан).
Ушбу ривоятдан қибла билан
киши ўртасида бирон тўсиқ
бўлса, у томонга қараб ҳожат
чиқариш жоизлиги маълум
бўлади.
Қазои ҳожат учун
мўлжалланмаган жойда
юзини ёки орқасини қиблага
ўгириш ҳаром. Агар очиқ
жойда бўлса, уч зироъ
миқдоридаги баландликда
пана бўладиган нарса сутра
қилинади. Шунингдек, очиқ
жойда устига ёпинчиқ
ёпмасдан жимоъ қилиш ҳам
ҳаром. Агар ёпиқ жойда бўлса
зарари йўқ. Бироқ одоб
юзасидан жимоъ вақтида
устига бирон нарса ташлаб
олиш афзал.
Шамол эсиб турган томонга
қараб бавл қилинмайди.
Сабаби сийдик қайтиб, ўзига
тегиши мумкин. Қуёш ва Ойга
қараб ҳам ҳожат чиқариш
макруҳ. Бу иккиси Аллоҳнинг
нури бўлиб, улуғ мўъзижа
саналади. Худди қибла каби,
агар ёпиқ жойда Қуёш ва Ойга
орқа ва олдини қилиб ўтирса,
зарари йўқ. Ҳурмат юзасидан
қабристонга ҳам бавл
қилинмайди.
Жобир ибн Абдуллоҳ
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Аллоҳнинг
Пайғамбари соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бизни
қиблага юзланиб бавл
қилишдан қайтарган эдилар.
Лекин вафотларидан бир
йил олдин у зот (қибла
томонга) юзлан(иб, ҳожат
чиқараёт)ганларини
кўрдим” (Абу Довуд,
Термизий, Ибн Можа, Ибн
Хузайма ривояти. Ривоят
санади ҳасан-саҳиҳ).
Шу каби ривоятлар[1]
уламолар томонидан бу бобда
турли фикрлар айтилишига
сабаб бўлган[2].
Имом Нававий “Саҳиҳу
муслим”га ёзган шарҳида
шундай дейди: “Уламолар
қиблага юзланиб ҳожат
чиқаришдан қайтариш ҳақида
турли фикрлар айтишган:
Биринчиси. Очиқ жойда
қиблага юзланиб ҳожат
чиқариш ҳаром, бино ичида
бўлса, жоиз. Бу Шофеъий ва
Молик фикри. Аббос ибн
Абдулмуттолиб, Абдуллоҳ ибн
Умар, Шаъбий, Исҳоқ ибн
Роҳвайҳ ва Аҳмад ибн
Ҳанбаллардан шундай ривот
қилинган.
Иккинчиси. Хоҳ очиқ жойда,
хоҳ бино ичида бўлсин, бу иш
ножоиз. Бу Абу Айюб Ансорий,
Мужоҳид, Иброҳим Нахаъий,
Суфён Саврий ва Абу Саврлар
фикри.
Учинчиси. Очиқ жойда ҳам,
бино ичида ҳам қиблага
юзланиб ҳожат чиқариш
жоиз. Бу Урва ибн Зубайр,
Моликнинг шайхи Робийъа ва
Довуд Зоҳирийлар фикри.
Тўртинчиси. Очиқ жойда ҳам,
бино ичида ҳам қиблага
юзланиб ҳожат чиқариш
мумкин эмас, аммо у иккисида
орқа ўгириб ўтириш жоиз. Бу
Абу Ҳанифа ва Аҳмаддан
қилинган икки ривоятдан
бири”.
Юқорида келтирилган фикрга
ҳадиси шарифларда далиллар
бор. Имом Нававий Молик ва
Шофеъийлар фикрини маъқул
кўрган. Шунингдек, Ибн Ҳажар
ҳам шу фикрни афзал деб
билган ва: “Уларнинг фикри
энг адолатлиси”, деган.
“Туҳфатул-аҳвазий” муаллифи:
“Менинг фикримча, очиқ
жойда ҳам, бино ичида ҳам
қиблага юзланиб ҳожат
чиқариш мумкин эмас,
деганлар фикри энг афзал ва
энг кучлисидир. Чунки
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам белгилаб берган
чегарага кўра, қибла тарафга
юзланиб ҳам, у томонга орқа
ўгириб ҳам ҳожат чиқариш
мумкин эмас. Бу нарса мутлоқ,
бино ва очиқ жойнинг фарқи
йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бу ҳукмни
умматлари учун ҳам
ўзгартирмаганлар”, деган. Биз
ҳам шу фикрга қўшиламиз[3].
Қазои ҳожатни нопок
нарсалар сачрамайдиган
баландроқ жойда қилиш.
Қазои ҳожат ердан бироз
баландроқ жойда қилинса,
оёқ кийим ва либосга нажосат
тегмайди. Сийдик ва ахлатдан
сақланиш, кийимни бу
нопокликлардан эҳтиёт қилиб
юриш ҳар бир мўмин
банданинг вазифасидир.
Бунга жиддий эътибор бериш
лозим. Акс ҳолда либосга бир
дирҳамдан кўп миқдорда
нажосат тегса, ўша либос
билан ўқилган намоз тўғри
бўлмайди.
Абдуллоҳ ибн Умар
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Бир куни мен
уйимиз томига чиққан эдим,
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам икки ғишт
устида Байтул Мақдис
томонга қараб (ҳожат
чиқариб) ўтирганларини
кўрдим” (Бухорий, Муслим,
Абу Довуд, Доримий, Ибн
Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва
Дорақутний ривояти).
Юқорида келган ривоятда
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам юзларини Шом
тарафга, орқаларини қиблага
қаратиб ҳожат
чиқараётганларини кўргани
айтилган эди. Бу ривоятда эса
у зот ўшанда оёқлари остига
ғишт қўйиб олганлари зикр
қилинмоқда. Демак, киши
бундай ҳолатда иложи борича
либос ва баданига нажосат
текказмасликка ҳаракат
қилиши лозим.
Икки оёғини кенгроқ очиб,
ўнг оёғини тикка қилиб, чап
оёққа таяниб ўтириш.
Суроқа ибн Молик ибн
Жуъшум розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилинишча, у:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бизга
фалон-фалон ишларни
ўргатдилар”, деганида, бир
киши бу нарсадан кулгандек
бўлиб, “у сизларга қандай
бўшанишни ҳам
ўргатдими?!” деди. Шунда у:
“Ҳа, у зотни ҳақ билан
юборган (Аллоҳ)га қасамки, у
киши бизларни ҳожатхонада
чап оёққа суяниб ўтириш ва
ўнг оёқни тикка қилишга
буюрганлар”, деган
(Табароний “Кабийр”да
ривоят қилган. Ривоят санади
заиф).
Бунда тана оғирлиги чап
оёққа тушади ва ўнг оёқ тўғри
қилинади. Шундай қилинса,
чиқадиган нарса осонлик
билан чиқади.
Шунингдек, ҳожатхонада узоқ
вақт ўтиришдан сақланиш
керак. Сабаби бу жигар
хасталиги ва бавосирга олиб
боради.
Ҳожат пайтида
гаплашилмайди.
Ҳожатхонада гапириш ва тили
билан Аллоҳни зикр қилиш
макруҳдир. Фақат зарурат
юзасидан гапириш жоиз.
Абу Саид Худрий розийаллоҳу
анҳу ривоят қилади: “Мен
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам: “Агар икки киши
ҳожатхонага бориб,
авратларини очиб бир-бири
билан гаплашса, Аллоҳ азза
ва жалла бундан қаттиқ
ғазабланади”, деб
айтганларини
эшитганман” (Абу Довуд,
Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн
Ҳиббон, Табароний, Насоий
“Ас-сунанул кубро”да ривоят
қилган).
Икки ёки ундан кўп киши бир
жойда ҳожат чиқариши,
авратини очган ҳолда бир-
бири билан гаплашиши
мутлақо мумкин эмас. Сабаби
бу иш Аллоҳнинг ғазабини
қўзғайди.
Шунингдек, ҳожат чиқариш
вақтида осмонга, фаржига ва
чиқаётган нарсага қарамайди,
ўнгга-чапга алангламайди,
мисвок қилмайди.
Ибн Умар розийаллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича,
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бавл
қилаётганларида бир киши
олдиларидан ўтаётиб салом
берганида, у зот унга алик
олмаганлар” (Муслим, Сунан
соҳиблари, Ибн Хузайма, Ибн
Ҳиббон, Ҳоким, Табароний
“Авсат”да ривоят қилган).
Салом бериш суннат, аммо
унга алик олиш вожиб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам нима сабабдан ўша
одамнинг саломига жавоб
қайтармаганлари бошқа
ривоятларда келган. Унда
айтилишича, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
бавл қилиб бўлгач, бориб
таҳорат қилганлар ва келиб
салом берган кишига алик
қайтарганлар ва ўша ҳолатда
Аллоҳ исмини зикр қилишни
хоҳламаганларини
билдирганлар.
Аввало ҳожат чиқараётган
одамга салом бериш у ёқда
турсин, назар солиш яхши
эмас. Агар бир киши бундай
ҳолатда салом берса, унга
алик қайтариш макруҳ. Сабаби
ҳожат чиқараётган одам
Аллоҳни зикр қилиши, тасбеҳ,
ҳамд айтиши, саломга алик
олиши мумкин эмас. Бундан
ташқари оддий гапларни ҳам
гапириш мумкин эмас.
Буларнинг ҳаммаси танзиҳий
макруҳдир. Ҳожат чиқариш
вақтида фақат зарурат
юзасидангина гапиришга
рухсат бор. Масалан, бир одам
ҳалокатга яқин турибди, аммо
ўзи билмаяпти. Овоз чиқариб
уни огоҳлантириш нафақат
жоиз, балки вожибдир.
Қазои ҳожатни ўтирган
ҳолда бажариш.
Ўтира олмайдиган узрлилар
учун жоиз. Яна бавл
қилинаётган жойда зарар
берувчи нарсалар бўлса, туриб
ёзилишга рухсат этилган.
Туриб бавл қилиш кароҳати
ҳақида қуйироқда баён
қиламиз.
Суяк ва тезак билан истинжо
қилмайди.
Истинжода суяк, тезак, инсон
ва ҳайвонларга емиш
бўладиган ҳашак ва сомон,
кўмир, пишиқ ғишт, шиша,
сопол, оҳак, ёғоч, қамиш,
тупроқ, ганчли лой, янги латта,
тоза ёки ёзуви бор қоғоз,
дарахт барги, ипак, пахта[4]
каби нарсалардан
фойдаланиш макруҳдир.
Қуруқ, тоза, зарар
етказмайдиган, нажосатни
кетказувчи, аммо таъми ёки
шарафи билан одамлар
наздида қадрли бўлмаган,
ўзгалар мулки
ҳисобланмайдиган нарсалар
билан истинжо қилиш жоиз.
Жобир ибн Абдуллоҳ
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам бизларни суяк ёки
тезак билан истинжо
қилишдан
қайтарганлар” (Абу Довуд,
Аҳмад, Байҳақий “Ас-сунанул
кубро”да ривоят қилган.
Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ривоятда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
суяк ва тезак билан истинжо
қилишдан қайтарганлари
айтилмоқда.
Тезак нопокдир. Нопок нарса
бирон бошқа бир нарсани
поклаш мумкин эмас. Суяк ҳам
истинжога ярамайди. Чунки у
текис ва ўткир бўлиб,
биринчидан нажосатни
кетказмайди, иккинчидан
одамни шикастлаши мумкин.
Ҳанафий ва моликийлар:
“Жоиз бўлмаган нарсалар
билан истинжо қилиш
кароҳат билан мумкин”,
дейишган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу
ривоят қилишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва
саллам тезак ёки суяк билан
истинжо қилишдан
қайтарганлар ва: “У иккиси
(нажосатни) покламайди”,
деганлар (Дорақутний ривоят
қилган ва санадини саҳиҳи,
деган).
Ушбу ривоятдан нима сабаб
суяк ва тезак билан истинжо
қилиш мумкин эмаслиги
сабабларидан бири
келтирилмоқда.
Ҳанафийлар истинжода
сувдан бошқа суюқлик,
масалан, атиргул суви ва
сиркани ишлатишни жоиз
дейишган. Ҳанафийлардан
бошқалар эса истинжода
ишлатиладиган нарса қаттиқ
ва қуруқ бўлишини шарт
қилишган, суюқлик билан
истинжо қилишга рухсат
беришмаган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича,
у Набий соллаллоҳу алайҳи
ва саллам билан бирга
таҳорат ва бошқа
ҳожатлари учун кичик идиш
(да сув) кўтариб юрарди. Бир
куни у (Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам)
ортларидан келганида, у зот:
“Бу ким?” дедилар. У: “Мен
Абу Ҳурайраман”, деди.
Шунда у зот: “Ундай бўлса,
истинжо қилишим учун
менга бир нечта тош олиб
кел. Аммо суяк ва тезак олиб
келма”, дедилар. (Абу
Ҳурайра айтади:) “Кийимим
четида бир нечта тош олиб
келиб, у зот ёнларига қўйдим
ва узоқроқ кетдим. У зот
ҳожат чиқариб
бўлганларидан сўнг келиб,
“нима сабабдан суяк ва
тезак билан истинжо қилиш
мумкин эмас?” деб
сўрагандим, у зот: “У иккиси
жинлар таомидир. Менинг
олдимга Насийбин жинлари
гуруҳи келиб, улар қандай
яхши жинлар, мендан озуқа
сўрашган эди. Мен Аллоҳга
дуо қилиб, улар бирон суяк
ёки тезак олдидан ўтсалар,
унда ўзлари учун таом
топишларини сўрадим”,
дедилар” (Бухорий “Ал-
жамиъус-саҳиҳ”да ва
Байҳақий “Далаилун-
нубувва”да ривоят қилган).
Насийбин Арабистон ярим
оролидаги жой номи.
Суяк ва тезак жинлар
фойдаланадиган нарса. Бошқа
ривоятларда келишича, суяк
жинларга, тезак эса уларнинг
чорваларига таом бўлар экан.
Мана шу ва юқоридаги
ривоятни жамласак, суяк ва
тезак билан истинжо қилиш
мумкин эмаслигининг икки
сабаби келиб чиқади:
– суяк ва тезак нажосат бўлиб,
у билан нопок нарсани
тозалаш мумкин эмас;
– бу иккиси жинлар таомидир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Жинлар вакили
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам
ҳузурларига келиб, “эй
Муҳаммад, умматингизни
суяк, тезак ва кўмир (ёки кул)
билан истинжо қилишдан
қайтаринг. Чунки Аллоҳ
таоло уларни бизга ризқ
қилиб берди”, деди. Бас,
Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бу
нарсалар (билан истинжо
қилиш)дан
қайтардилар” (Абу Довуд
“Сунан”да ва Байҳақий “Ас-
сунанул кубро”да ривоят
қилган. Ушбу ҳадис санади
саҳиҳ).
Насийбин жинлари гуруҳи
Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам олдларига Макка
даврида – ҳижратдан олдин
келганлар ва у зот
умматларини суяк, тезак ва
кўмир билан истинжо
қилишдан қайтаришларини
сўраганлар. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
жинларнинг бу илтимосини
қабул қилганлар ва бизларни
мазкур нарсалар билан
истинжо қилишдан
қайтарганлар.
Демак, истинжода тош, кесак,
гувала, пок тупроқ ва эски
латтадан фойдаланиш жоиз.
Аввалги уламолар томонидан
ёзилган китобларда истинжо
учун қоғоз ишлатиш мумкин
эмаслиги алоҳида
таъкидланган. Ҳақиқатан,
авваллари қоғоз ноёб ва
фақат ёзув ва шу каби муҳим
нарсалар учун ишлатилган.
Ҳозирда эса ҳожатхона учун
махсус қоғозлар ишлаб
чиқарилмоқда. Бундай
қоғозларни истинжода
қўллаш жоиз.
Истинжода тош ёки кесакни
тоқ ишлатиш, иложи бўлса
учтадан кам ишлатмаслик.
Бунда учта, бешта ёки еттита
тош билан истинжо қилиш
тавсия этилади. Аммо тоқ
ишлатиш шарт эмас. Хохласа,
тўртта ёки олтита тош билан
ҳам истинжо қилиш мумкин.
Энг маъқули камида учта тош
ишлатишдир.
Ҳанафий ва моликийлар:
“Истинжода уч дона тош
ишлатиш вожиб эмас, балки
мустаҳабдир”, дейишган.
Ҳанафий уламоларга кўра,
бунда мақсад тошларни тоқ
ишлатиш эмас, балки
поклашдир. Агар бир дона
тош билан мақсад ҳосил
бўлса, кифоя қилади. Агар уч
дона тош билан ҳам мақсад
ҳосил бўлмаса, яна зиёда
қилинади. Шофеъий ва
ҳанбалийлар: “Истинжода
нажосат жойини поклаш ва уч
дона тош ишлатиш вожиб.
Агар уч дона тош билан ҳам
мақсад ҳосил бўлмаса, тўртта
ёки ундан кўпроқ тош билан
истинжо қилинади”,
дейишган. Шофеъийларда тоқ
сон ва поклик муҳим. Агар
учтадан кам тош билан
поклик ҳосил бўлса ҳам, учта
тош ишлатиш керак, бўлмаса
жоиз эмас. Имом Муслим
Салмон Форисий розийаллоҳу
анҳудан қилган ривоятда:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бизларни
учтадан кам тош билан
истинжо қилишдан
қайтарганлар”, дейилган[5].
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу
Набий соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ривоят қилади:
“Ким таҳорат қилса, бурнига
сув олиб, сўнгра чиқариб
ташласин. Ким тош билан
истинжо қилса, бас, тоқ
қилсин” (Бухорий, Муслим,
Насоий, Доримий, Ибн Можа,
Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма ва
Ибн Ҳиббон ривояти).
Имом Шофеъий шу ҳадисни
далил қилиб, истинжода
тошларни тоқ ишлатиш
вожиб, деган. Бироқ тоқ
ишлатишнинг асл моҳияти
бошқа ривоятларда тўлиқроқ
ифодаланган.
Яна Абу Ҳурайра розийаллоҳу
анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи
ва салламдан ривоят қилади:
“Ким тош билан истинжо
қилса, бас, тоқ қилсин. Ким
шундай қилса, яхши
қилибди. Ким қилмаса,
ҳечқиси йўқ” (Абу Довуд,
Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва
Ҳоким ривояти. Ҳадис санади
ҳасан).
Бу ривоят ҳанафий ва
моликийларга далил бўлади.
Саҳл ибн Саъд розийаллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича,
Набий соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан тош билан
истинжо қилиш ҳақида
сўрашганида, у зот:
“Сизлардан бирон киши уч
дона тош топа олмайдими?
Иккитаси махраж атрофига,
биттаси махражга
(ишлатилади)”, дедилар
(Дорақутний, Табароний ва
Байҳақий ривояти. Ривоят
санади ҳасан).
Бу ривоятда орқа нажосат
йўли, одатда уч дона тош
билан мукаммал покланиши
айтилмоқда. Бундан
истинжода тошларни тош
ишлатиш, тоқ қилганда ҳам
улар сонини учта қилиш яхши
эканини билиб оламиз. Агар
учтадан кўп тош ишлатишга
тўғри келиб қолса, тоқ
ишлатиш (бешта, еттита)
суннатдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд
розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ҳожат
учун ташқарига чиқдилар
ва: “Менга уч дона тош олиб
кел”, дедилар. Мен иккита
тош ва битта тезак олиб
келдим. У зот икки тошни
олиб, тезакни ташлаб
юбордилар ва: “У нопокдир”,
дедилар” (Термизий, Ибн
Можа, Аҳмад ва Дароқутний
ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳожатга чиққанларида
хизматларида бўлиб турган
Абдуллоҳ ибн Масъуд
розийаллоҳу анҳуга уч дона
тош олиб келишни
буюрдилар. Ибн Масъуд
иккита тош олиб, учинчи
тошни қидира-қидира топа
олмади[6] ва ўрнига эшак
тезагини[7] олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам икки тошни олиб,
тезакни отиб юбордилар ва у
нажосатни поклай олмаслиги,
аксинча ўзи нопок нарса
эканини айтдилар.
Мана шу ривоятдан
истинжода тошларни тоқ
ишлатиш вожиб эмаслигини
билиб оламиз. Сабаби, агар бу
нарса шарт бўлганида,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам Ибн Масъуд олиб
келган тезакни отиб
юборганларидан кейин
ўрнига бошқа тош олиб
келишни буюрган бўлардилар.
Оиша розийаллоҳу анҳодан
ривоят қилинишича,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам шундай деганлар:
“Агар биронтангиз
ҳожатхонага борадиган
бўлса, покланиш учун ўзи
билан уч дона тош олсин.
Мана шу унга кифоя
қилади” (Абу Довуд ва Насоий
ривоят қилган. Ҳадис санади
ҳасан).
Мана шу ва бошқа
ривоятларни далил қилиб,
Шофеъийлар истинжода
тошларни тоқ ишлатиш, тоқ
ишлатганда ҳам учтадан кам
бўлмаслиги вожибдир, деб
айтишган. Аммо юқорида
айтиб ўтганимиздек, бу
борада келган бошқа
ривоятларни ўрганиб чиқсак,
масаланинг асл моҳияти
ойдинлашади ва бу нарса
шарт эмаслиги, одоб экани
маълум бўлади.
Салмон розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича, унга:
“Пайғамбарингиз соллаллоҳу
алайҳи ва саллам сизларга
ҳамма нарсани, ҳатто
қандай бўшанишни ҳам
ўргатмоқда”, дейилганида, у:
“Ҳа, у зот бизни катта ёки
кичик таҳорат ушатишда
қиблага юзланиш, ўнг қўл
билан истинжо қилиш,
истинжода учтадан кам тош
[8] ишлатиш, тезак ва суяк
билан истинжо қилишдан
қайтарганлар”,
деган” (Муслим, Сунан
соҳиблари, Аҳмад, Ибн
Хузайма ва Дароқутний
ривояти).
Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ва
Дорақутний саҳиҳ санад билан
келтирган ривоятга кўра, бу
гапни Салмон Форисий
розийаллоҳу анҳуга баъзи
мушриклар истеҳзо
маъносида айтишган.
Бу ривоятда ҳожатхона
одобларининг бир нечтаси
баён қилинмоқда. Уларнинг
баъзиларини юқорида
ўргандик, бошқаларини
қуйида ўрганамиз. Бу ерда
эътибор қаратадиган муҳим
жиҳат бор. У ҳам бўлса, Ислом
динининг мукаммаллигидир.
Ҳа, бу дин инсон ҳаётининг
ҳар бир соҳасини, ҳар бир
қиррасини тўлиқ қамраб
олган. Бунда банданинг
ибодатидан тортиб, қандай
покланиши, аҳли-оиласи
билан қандай муомала
қилишию қандай ётиб-
туриши, овқатланиши,
кийниши, қадам босишигача,
ҳамма-ҳаммаси очиқ ва тўлиқ
баён қилинган. Мусулмон
банда бошқалар каби нима
қилишни, қандай йўл тутишни
билмай ҳайрон бўлмайди.
Сабаби унинг динида, унинг
шариатида ҳамма нарса
ипидан игнасигача баён
қилинган. Ўзгалар ҳожатхона
одобларини бирон ерда
ўрганиш ёки бу ҳақида китоб
ёзишни ажабланиб қабул
қилишлари мумкин. Аммо
поклик асосига қурилган
Ислом динида бу масала ҳам
назардан четда
қолдирилмаган. Бизларни
мана шундай етук ва осон
динга мансуб қилган, улуғ
Пайғамбар умматлари қилган
Аллоҳ таолога қанча ҳамду
санолар айтсак, шунча кам.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам саҳобалар ичидаги
аҳли илмларнинг аксарияти
ва улардан кейингилар: “Тош
билан истинжо қилиш кифоя
қилади. Ахлат ва бавлнинг
асарини кетказса, сув билан
истинжо қилиш шарт эмас”,
дейишган. Суфён Саврий, Ибн
Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва
Исҳоқлар ҳам шундай
фикрдалар.
Истинжода олд ва орқа
нажосат йўлини неча марта
ювиш ҳақида Набий
соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан бирон ривоят
келмаган, аммо бу борада
турли фикрлар бор. Баъзи
китобларда: “У жой уч марта
ювилади”, дейилган.
Кўринмайдиган нажосатлар,
одатда уч марта ювиш билан
тозаланади. Сийдик ҳам
кўринмайди. Орқадан чиққан
нажосат кўрингани билан
истинжо қилувчи уни
кўрмайди. Шу сабаб у ҳам
сийдик ўрнидадир[9].
Аксарият уламолар кўнгил
таскин топгунча ювишни
айтишган
Категория: Одоблар | Просмотров: 3343 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz