Понедельник, 13.05.2024, 23:16
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Июль » 20 » G'azabni Ichga Yutish Fazilatlari
19:49
G'azabni Ichga Yutish Fazilatlari
Аллоҳ таоло айтади: “(У
тақводор зотлар) яхши-ёмон
кунларда инфоқ-эҳсон
қиладиган, ғазабларини
ичларига ютадиган, одамлар
(нинг хато-камчиликлари)ни
авф этадиган кишилардир.
Аллоҳ бундай яхшилик
қилувчиларни севади” (Оли
Имрон, 134).
Бу оятда муҳсин бандалар
ишлари бароридан келиб
турган вақтда ҳам, бироз
қийинчилик дамларида ҳам
инфоқ ва садақалар
қилишлари, турли сабаблар
билан ғазаблари чиққанда уни
боса билишлари ва
кечирилиши мумкин бўлган
хатоларни авф қилишлари
айтилмоқда.
Ғазабни ичига ютиш осон
эмас. Бунинг учун бандадан
тақво сифати талаб қилинади.
Зеро, ғазабни қайтариш учун
нафсни жиловлай билиш ва
шайтон васвасасига ҳай
бериш керак.
Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига
шундай амр қилган: “(Эй
Муҳаммад,) авф қилинг,
яхшиликка буюринг ва
жоҳиллардан юз
ўгиринг!” (Аъроф, 199).
Ушбу оятда Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламга
жоҳиллардан юз ўгириш,
даъват йўлида мустаҳкам
бўлиш, одамларнинг айб-
камчиликларини кечириш,
уларни динга енгил ва осон
услубда даъват қилиш
буюрилмоқда.
Ривоятларда келишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
учун икки ишдан бирини
танлаш имкони бўлганида,
агар у ношаръий йўл бўлмаса,
албатта енгилини танлар
эдилар.
Яна бир ривоятда келишича,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам ушбу оятдан нима
назарда тутилгани ҳақида
Жаброил алайҳис-саломдан
сўрадилар. Жаброил: “Албатта
Аллоҳ сени зулм қилганни
кечириш, сени маҳрум
қилганга бериш ва сендан
узилган билан алоқани
боғлашга буюради”, деди
(Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим
ривояти).
Имом Қуртубий ушбу оят
ҳақида: Бу оят уч калимадан
иборат. Уларда шариат
буюрган ва қайтарган
қоидалар мужассамдир”,
деган.
Аллоҳ таоло айтади:
“Яхшилик билан ёмонлик
баробар бўлмайди. Сиз (ҳар
қандай ёмонликни) энг гўзал
сўзлар билан даф қилинг!
(Шунда) баногоҳ сиз билан
ўрталарингизда адоват
бўлган кимса қайноқ-содиқ
дўст каби бўлиб
қолади” (Фуссилат, 34).
Оятдаги “ёмонликни яхшилик
билан қайтариш” хатони авф
билан, ғазабни сабр билан,
қўполликни бағрикенглик
билан қайтаришга далолат
қилади.
Яхшилик билан ёмонлик
зинҳор баробар бўлмайди.
Зеро, яхшилик учун, солиҳ
амаллар учун Аллоҳ савоб
беради ва ундан рози бўлади.
Аллоҳ ёмонликдан рози
бўлмайди. Шу сабаб ёмонлик
қилганга жазо беради. Шундай
экан, сен жоҳилларнинг
ақлсизлигини энг чиройли йўл
билан қайтар, уларнинг
ёмонлигига яхшилик билан
жавоб қайтар, гуноҳни авф
билан даф қил. Агар сен
уларнинг жоҳиллигига сабр
қилиб, қабиҳ амалларига
чиройли жавоб қайтарсанг,
улар ўз ишларидан уялиб,
ёмонликларини тарк қилсалар
ажаб эмас. Натижада сен учун
душмандек кўрилаётган одам
ҳам қалин дўст бўлиб қолади.
Яхшиликка ёмонлик билан
жавоб қайтариш ҳамманинг
ҳам қўлидан келаверади.
Аммо ёмонликка яхшилик
билан жавоб қайтариш фақат
азиятларга сабр қилувчи, гўзал
одоб-ахлоқларга эга ва
Аллоҳнинг тавфиқига сазовор
бандаларгагина насиб этади.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта
ким (ўзига етган озор-
азиятларга) сабр қилса ва
(интиқом олмай Аллоҳ учун)
кечириб юборса, шубҳасиз,
бу ишларнинг мақсадга
мувофиғидир” (Шўро, 43).
Содир этилган хато ва гуноҳ
иш Аллоҳнинг ҳаққи поймол
қилиниши ва ер юзида
бузғунчиликка сабаб бўлмаса,
уни кечириб юбориш, ўзига
етказилган азиятларга сабр
қилиш энг тақводор
бандаларга хос хислатдир. Ақл
эгалари, кучли ирода
соҳиблари буни ўзларига
шиор қилиб оладилар. Улар
қай ҳолатда хатони кечириш,
қайси вазиятларда
гуноҳкорни жазолаш орасини
ажрата биладилар, бу борада
сусткашликка ҳам, зулм-
ситамга ҳам йўл қўймайдилар.
Аллоҳ таоло айтади: “Улар
катта гуноҳлардан ва
бузуқликлардан
четланадиган, ғазабланган
вақтларида эса кечириб
юборадиган
зотлардир” (Шўро, 37).
Оят мазмунига кўра,
қайтарилган катта
гуноҳлардан тийилиш ва
фаҳш ишлардан четланиш
билан бир қаторда ғазабини
чиқарган одамнинг хатосини
кечириш ва унга мулойимлик
билан муомалада бўлиш
мақталган сифатлардандир.
Оятда кечирса бўладиган хато
ҳақида сўз юритилмоқда.
Аммо шариат аҳкомлари,
Аллоҳнинг ҳаққи поймол
қилинса, ундай бандани
кечириб бўлмайди.
Ушбу оятда ғазабланишдан
умуман қайтарилаётгани йўқ,
балки уни тартибга солишга
чақирилмоқда. Зеро,
ғазабланиш инсон фитратига
хос бўлиб, ўрни келганида
ғазабланиш ҳам лозим
бўлади. Ғазаб мутлоқ
қайтарилган нарса эмас. Шу
сабаб ҳам Қуръони карим ва
ҳадиси шарифларда ғазабни
бутунлай йўқотишга эмас,
балки уни босишга, ғазабни
жиловлашга чақирилган.
Кўп одамлар ғазаблари
чиққанида ўзларини босиб,
жаҳллари чиқишига сабаб
бўлган одамни кечириш
ўрнига унга бирон азият
етказиб, “хумор”идан
чиқишга уринадилар. Уларга
“зулм” қилган одамга
“муносиб” жавоб
қайтармасликни қўрқоқлик ва
ғайратсизлик деб биладилар.
Бу имони заифлик
белгисидир. Аслида оятда
айтилаётганидек, ҳақиқий
мўмин бандалар ғазабланган
ҳолатларида ҳам ўзларини
йўқотиб қўймай, адолат ила
ҳукм чиқара оладилар, хатога
йўл қўйган одам бу ишни
бехосдан қилган бўлса, уни
кечиришга ўзларида куч топа
оладилар. Мана шу нарса
имоннинг кучли эканига
далолат қилади.
Бировни авф қила олиш, ўзига
етган азиятни унутиш учун
нафс қули бўлмаслик, балки
нафс устидан ҳоким бўлиш,
ақл билан иш юртиш лозим
бўлади.
ﻋَﻦْ ﺃَﺑِﻲ ﻫُﺮَﻳْﺮَﺓَ ﺭَﺿِﻲَ ﺍﻟﻠﻪُ ﻋَﻨْﻪُ ﺃَﻥَّ
ﺭَﺟُﻼً ﻗَﺎﻝَ ﻟِﻠﻨَّﺒِﻲِّ ﺻَﻠَّﻰ ﺍﻟﻠﻪُ ﻋَﻠَﻴْﻪِ ﻭَﺳَﻠَّﻢَ:
ﺃَﻭْﺻِﻨِﻲ ﻗَﺎﻝَ: ﻻَ ﺗَﻐْﻀَﺐْ ﻓَﺮَﺩَّﺩَ ﻣِﺮَﺍﺭًﺍ
ﻗَﺎﻝَ: ﻻَ ﺗَﻐْﻀَﺐْ. ﺭَﻭَﺍﻩُ ﺍﻟْﺒُﺨَﺎﺭِﻱُّ
ﻭَﺍﻟﺘِّﺮْﻣِﺬِﻱُّ ﻭَﺃَﺣْﻤَﺪُ ﻭَﺍﻟْﺤَﺎﻛِﻢُ ﻭَﺍﺑْﻦُ ﺣِﺒَّﺎﻥَ
ﻭَﺍﻟْﺒَﻴْﻬَﻘِﻲُّ ﻭَﺍﻟﻄَّﺒَﺮَﺍﻧِﻲُّ ﻭَﺃَﺑُﻮ ﻳَﻌْﻠَﻰ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича,
бир киши Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламга: “Менга
насиҳат қилинг!” деди. У зот:
“Ғазабланма!” дедилар. Ўша
киши буни бир неча марта
такрорлади. У зот:
“Ғазабланма!” дедилар
(Бухорий, Термизий, Аҳмад,
Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий,
Табароний ва Абу Яъло
ривояти).
Ушбу ривоятда айтилишича,
бир киши Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ҳузурларига
келиб, “менга насиҳат
қилинг!” деганида, у зот:
“Ғазабланма!” дедилар. Бу
билан динга энг кўп зарар
етказувчи нарсадан, зулм ва
адоватга сабаб бўлувчи
иллатдан қайтарган эдилар.
Сўровчи буни кам деб билди
ва яна: “Менга насиҳат
қилинг!” деди. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
бўлса уни яна ғазабдан
тийилишга чақирдилар.
Такрор-такрор насиҳат
сўраган одамга ҳар сафар
“ғазабланма!” деб
айтилишига бир неча
сабаблар бор:
1. Насиҳат сўраган одам
ғазабланиш иллатига
чалинган бўлиши эҳтимоли.
Бундай ҳолатда уни ғазабдан
қайтариш муҳимроқдир.
2. Ғазаб дин ва дунё ишларига
катта зарар етказишини
таъсирли услубда ифодалаш.
Ривоятдаги “ғазабланма” сўзи
ҳам бир қанча маъноларни
ифодалаши мумкин.
Жумладан:
1. Ғазабинг чиққанда ўзингни
бос, жаҳл таъсирида бирон
ножўя иш қилиб қўйишдан
тийил. Зеро, ғазабни инсон
табиатидан бутунлай йўқотиш
имкони йўқ, балки уни босиш,
маълум бир чегарада ушлаб
туриш мумкин.
2. Ғазабга сабаб бўлувчи
ишлардан сақлан, уни жалб
қиладиган амаллардан узоқ
бўл.
3. Кўп ғазабланма, ҳар кимга
заҳрингни сочма.
Ибн Тийн бу ҳадис ҳақида:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бу ерда дунё
ва охират яхшилигини
жамлаганлар. Сабаби ғазаб
алоқаларнинг узилиши ва
мулойимлик камайишига,
ғазаб қилинувчига зулм
етказилишига олиб боради. Бу
билан дин ишларига ноқислик
етади”, деган.
Байзовий: “У зот барча
бузуқликлар инсон шаҳвати
ва ғазабидан келиб чиқишини
назарда тутиб, сўровчининг
шаҳвати ақлига
бўйсундирилганини билиб,
уни ғазабланишдан
қайтардилар. Зеро, бу
бошқасидан кўра кўпроқ
зарар келтиради. Агар у
ғазаби чиққанида ўзини боса
олса, энг кучли душманга бас
келган бўлади”, деган.
Уламолар шундай дейишган:
“Аллоҳ ғазабни оловдан
яратган ва инсондаги
ғаризалардан бири қилган.
Агар инсон биров билан
низолашса, ғазаб олови
аланга олади, жунбушга
келиб, унинг юзи ва икки кўзи
қизариб кетади. Зеро, тери
унинг остида нима борлигига
далолат қилади. Инсон ўзидан
пастдаги одамга ғазаб
қилганида ва уни жазолашга
кучи етганида шундай бўлади.
Аммо ўзидан юқоридаги одам
унинг жаҳлини чиқарса, ғам-
андуҳдан унинг ранги
сарғайиб кетади. Бунда унинг
зоҳири ва ботини ўзгариб
туради, ҳаракатлари
тартибсиз бўла бошлайди. У
ғазабланганида шундай
ҳолатга келадики, агар
ташқаридан ўзининг суратига
назар солса, уятдан бошини
кўтаролмай қолади. Бу
ғазабнинг ташқи таъсиридир.
Аммо унинг ички таъсири
зоҳирийсидан кўра
ёмонроқдир. Зеро, ғазаб
қалбда нафрат, душманларга
нисбатан кек сақлашга олиб
боради. Бунда унинг ичи
ташқи қиёфасидан-да
хунукроқ кўриниш олади.
Унинг ташқи қиёфаси
ўзгариши ички ҳолатининг
ўзгариши натижасидир.
Буларнинг ҳаммаси ғазабнинг
инсон танасига кўрсатадиган
таъсиридир. Ғазабнинг
тилдаги таъсири сўкиш,
ҳақоратлаш ва уятсиз
сўзларни айтиш билан намоён
бўлади. Ғазабнок кимса жаҳли
чиққанида бировни сўкиб
қўяди-да, ғазаби
босилганидан кейин қилган
ишидан уялиб юради. Ғазаб
одам ҳаракатларида ҳам
намоён бўлади. Масалан, уриш
ва қатл қилиш кабилар ғазаб
натижасида содир этилади.
Қайси бир банда ғазабнинг
мана шу зарарлари ҳақида
мулоҳаза юритса, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг “ғазабланма!”
деган биргина сўзларида
олам-олам маъно борлигига
амин бўлади”.
Категория: Янги мақолалар | Просмотров: 998 | Добавил: admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz