Савол: ассалому алайкум, Одилхон қори ака. Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Терминалдан фоизга пул ечиб берса ва валюта билан иш қилса, судхўрликка кирадими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Жавоб: ва алайкумус салом. Терминалда 100.000 сўм ечиб олиб, пластик карточка эгасига 90.000 сўм бериш айнан судхўрлик ҳисобланади. Сабаби нақд бўлмаган пул ҳам нақд пул билан бир хил қийматга эга. Масалан, дўконга кириб, 15.000 сўмлик нарса харид қилсангиз, уни хоҳланг нақд пулга, хоҳланг пластик карточка ҳисобига олинг, ўзингизнинг ихтиёрингиз. Бирон-бир дўконда мана бу нарса нақд пулга 15.000 сўм, пластикка 17.000 сўм, деб ёзиб қўйилмайди. Бу ҳолат қонунга зид ҳисобланади. Пулни нақд қилиб бериш эвазига унинг маълум фоизини олиб қолиш мумкин эмас. Агар шундай қилинса, бировлар ҳаққи ейилган бўлади. Баъзилар, пластик карточкадаги пулни нақд қилиб бериш ҳам хизмат турига киради. Бунинг учун ҳақ олса нима қилибди, дейишлари мумкин. Йўқ, нақд пул қилиб бериш алоҳида, ҳақ олиш керак бўлган хизмат турига кирмайди. Агар шундай қилинса, маълум тоифа вакиллари нақд пулни сунъий тарзда сиқиб, халқ қўлидаги нақд пулнинг кўп қисмини бир жойга йиғиб, кишилар ҳисобидаги маблағларни нақд пул қилиб бериш эвазига пул олишни шарт қилиш қўядилар. Бу одамларга қилинган зулмдан бошқа нарса эмас. Савдода, умуман ҳаётда сунъийлик кетмайди. Ҳамма нарса ўз ўрнида ва табиий ҳолда бўлиши керак. Пулни сунъий тарзда ушлаб туриш, нархларни сунъий тарзда, ҳеч бир асоссиз ошириб юбориш муқаддас динимиз Исломда қайтарилган.