Савол: ассалому алайкум. Бир саволим бор: телефонда покер (яъни, карта) ўйнаса бўладими? Аниқроқ далил- ҳужжатлар билан жавоб берсангиз, илтимос. Жавоб: ва алайкумус салом. Қиморнинг ҳар қандай тури ҳаром қилинган. Қуръони каримнинг Моида сурасида Аллоҳ шундай амр қилган: “Албатта хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг! Шояд нажот топсангиз”. Шариат қоидасига кўра, ҳаромнинг асли, унга олиб борувчи нарсалар, воситалар ҳам ҳаромдир. Масалан, карта ўйнаш ҳаром. Пул тикмасдан ёки телефон ва компютерда махсус ўйинлар ёрдамида карта ўйнаш ҳам ҳаромдир. Кимдир айтиши мумкин: бунда қимор маъноси йўқ-ку? Жавобимиз шуки, шариатда ҳар қандай нарсанинг эҳтиёт тарафи олинади. Тўғри, юзаки қараганда, пул тикмасдан карта ўйнаш ёки бўш вақтида телефонда покер ўйнаб ўтириш пул тикиб, қимор ўйнаш каби жуда зарарли бўлиб кўринмаслиги мумкин. Аммо ўша енгил ҳисобланаётган нарса кейинчалик бандани оғир иллатларга – пул тикиб, маълум нарсаларни шартлашиб қимор ўйнашга ундамаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бунга бошқа мисолни ҳам келтириш мумкин. Зинонинг асли ва унга олиб борувчи нарсалар ҳаромдир. Зинога олиб борувчи омиллардан бири номаҳрамларга қараш саналади. Бирон одам ҳазиллашиб “шунчаки” зино қилиш мумкин ёки аёл жуда чиройли бўлса, бир марта қараб қўйса бўлади, деб фатво бермаган ва бермайди ҳам. Қиморда ҳам шундай. Унинг яқинига йўламаслик, ўйин бўладими, пул тикмасдан “шунчаки” бўладими, қимор деб аталган иллатдан узоқ юриш талаб этилади. “Мухлис.уз” сайтида шу мавзуга оид “Пул тикмасдан карта ўйнаш мумкинми” номли мақола ҳам бор. Ўша мақолани ўқисангиз, қиморнинг ҳаромлиги ҳақидаги оят тафсири билан танишасиз.