Савол: ассалому алайкум, қори ака! Сизга саволим қуйидагича: бир танишим, “Nike” спорт маҳсулотларини кийиб бўлмас экан. Сабаби “Nike” юнонларнинг ғалаба “худоси”нинг номи экан, деб қолди. Шунга сиз нима дейсиз? Жавобингиз учун раҳмат! Жавоб: ва алайкумус салом. Ҳақиқатан, “Nike” юнон эътиқоди бўйича, ғалаба “худоси” саналади. Мазкур сўз грекча бўлиб, “ғалаба” маъносини англатади. Спорт ва ғалаба бир-бирига яқин тушунча. Аммо ўша “ғалаба” ширкка асосланган бўлса, унга ширк қўшилган бўлса, ундан эҳтиёт бўлиш керак. Ғарб мамлакатларида машҳур бўлган “Николас”, “Ник”, “Николай”, “Ники”, “Нико”, “Никита” исмлари ҳам “Nike” сўзидан келиб чиққан. Демак, мусулмон банда “Nike” белгиси туширилган либосларни кийишдан сақланиши керак. Сабаби бу номдаги либосни кийган банда ўша ширк ақидани тасдиқлаган, унга рози бўлган, уни омма ичида тарғиб қилган бўлиб қолади. Агар либос пахта ва шу каби пок нарсалардан тайёрланган бўлиб, ундаги номни ўчириб ташлаш имкони бўлса, шундай қилинади ва либос кийиб юрилаверади. Бунда асосан либосда “Nike” сўзининг бўлмаслигидир. Агар ўчириш имкони бўлмаса, у ҳолда уни киймаслик керак. Валлоҳу аълам!
|