Савол: жаннат ҳақида яна бир-иккита саволим бор эди: жаннатда қизлар ҳижобда бўлишадими? Жаннатда ҳозирги дунёдагидек, лекин қийинчиликсиз, азобсиз ҳаёт кечириладими? Жавоб: имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, агар жаннат аҳлидан бўлган бир аёл ерга назар солганида ер билан осмон ўртаси ёришиб кетган, хушбўй ҳидга тўлган бўларди. Жаннат аҳлидан бўлган аёлнинг рўмоли дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир. Аёлларнинг ўз авратларини бегоналар кўзидан сақлаши бу инсон фитратига хосдир. Аммо, афсуски, ҳамма одамлар ҳам бу ҳақиқатни англаб етавермайдилар... Жаннатдаги аёллар кўзларини бегона эркаклардан тиювчи эканлари ар-Раҳмон сурасида айтилган. Шунингдек, уларга ўз хўжайинларигача бирон жин ва инсон тегмаган бўлади. Яъни, улар бокира, дунё аёлларида мавжуд камчиликлар – ҳайз ва нифосдан пок, терлаш, бошқа нажосатлар чиқаришдан холи бўладилар. Жаннатдаги ҳаёт умуман ўзгача бўлади. У ердаги мевалар кўриниши дунёдаги каби, аммо мазаси бутунлай бошқачадир. Жаннатийлар таом ейдилар, ичимлик ичадилар, аммо ҳожат чиқармайдилар, у тер бўлиб баданларидан чиқиб кетади. Ўша тернинг ҳиди мушк кабидир. У ерда қуёш ботмайди. Жаннатда қишнинг қаҳратон совуғи ҳам, ёзнинг жазирама иссиғи ҳам бўлмайди. Жаннат дунё ҳаётидан буткул фарқ қилади...