Савол: ассалому алайкум! Мусиқа ва қўшиқ хусусида биз амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабида қандай ҳукмлар баён қилинган? Биз толиби илмлар ва оддий мусулмонларга бу ҳақида маълумот берсангиз. Жавоб: ва алайкумус салом. Мусиқанинг ҳукми борасида турли фикрлар айтилган. Жумҳур уламоларга кўра, ножоиз сўзлар қатнашган, фитнага сабаб бўладиган, зино ва фаҳш ишларга, гуноҳга бошлайдиган, намоз ва бошқа фарз ҳамда вожиб амалларни тарк қилишга сабаб бўладиган қўшиқларни тинглаш ножоиздир. Бизнинг ҳанафий мазҳабида мусиқага нисбатан қаттиқроқ талаблар қўйилган. Шофеъий, моликий ва баъзи ҳанбалийлар наздида юқорида санаб ўтилган иллатлардан холи мусиқани дам олиш мақсадида эшитиш макруҳ саналади. Баъзилар бу ишни мубоҳ дейишган. Бу борада ихтилоф қилинишига сабаб шуки, мусиқа ҳақида турли хил ривоятлар келган. Хулоса қиладиган бўлсак, кишини гуноҳ ва зинога бошлайдиган қўшиқларни эшитиш мумкин эмас. Меҳр-шафқат, ота-онага ҳурмат ва яхшиликка йўлловчи мусиқаларни эшитиш мубоҳ, дейилади. Валлоҳу аълам!