Главная » 2015 » Март » 2 » Колбаса маҳсулотларининг қайсибирини еса бўлади?
21:21
Колбаса маҳсулотларининг қайсибирини еса бўлади?
Савол: ассалому алайкум. Аввалги саволимга жавоб олдим ва керакли хулоса чиқардим. Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Бу сафар сизга яна бир савол билан мурожат қилмоқчиман. Айтингчи, колбаса маҳсулотларидан қайсиларини истеъмол қилсак бўлади? Ҳозир дўконларда колбасаларнинг жуда кўп тури бор. Шулардан қайси бирини истеъмол қилишни билмаяпман. Чунки, деярли ҳаммасининг маркасида “ҳалол” деган ёзув бор. “Андалус”, “Шерин”, “Ихлос”, “Тўхтаниёз ота”, “Рўзметов”, “Сағбон”, “Макиз”... Булар ичидан қайси бирини еса бўлади? Жавоб: ва алайкумус салом. Биринчи навбатда, колбаса маҳсулотлари мол, қўй ёки товуқ каби ҳалол ҳайвонлар ва паррандалар гўштидан тайёрланган бўлиши лозим. Кейин ҳалол ҳайвон шаръий йўл билан сўйилган бўлиши талаб этилади. Қолаверса, колбаса маҳсулотларини тайёрлашда покликка эътибор бериш шарт. Баъзи цехларда “ҳалол” ва ҳалол бўлмаган колбасалар бир идишда тайёрланишини ҳам эшитганмиз. Бунда ҳалол ва ҳаром бир- бирига аралашиб кетади. Сиз санаб ўтган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳалол ё ҳаром, демаймиз. Сабаби улар қандай шароитда тайёрланишини билмайман. Шундай экан, дўконлардаги колбасалар ҳалол ёки ҳаромлиги аниқ бўлмаса, уларнинг фаолиятини текшириб кўриш керак. Устига “ҳалол” деб ёзиб қўйилгани билан ҳалол бўлиб қолмайди. Аслида “ҳалол” тамғали маҳсулотлар ишончли кишилар томонидан қаттиқ назорат остида чиқарилиши керак. Аммо афсуски, бизда бу нарсага жуда енгил қаралади ва ҳар қандай маҳсулот устига ҳам бу сўзни шунчаки ёзиб қўйиш ҳоллари кузатилади. Хуллас, колбаса, сосиска ва шу каби маҳсулотлар устидаги ёзувга ишониб қолмаслик керак. Бу маҳсулотлар халқаро ҳалол стандарти талабларига жавоб берса ва доимий назорат остида бўлса, унга ишониш жоиз бўлар, балки. Нима бўлганда ҳам, мўмин-мусулмон банда шубҳали нарсалардан узоқроқ юриб, ҳалол ва покизалиги аниқ бўлган егуликларни истеъмол қилади. Валлоҳу аълам!