Аллоҳ таолонинг эшитиш ва кўриш сифатларини инсон ёки бошқа махлуқотларнинг эшитиш ва кўришига мутлақо қиёслаб бўлмайди. Унинг кайфиятини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” номли китобида Аллоҳ таолонинг ас- Самийъ ал-Басийр исмларини шарҳлаб, у бизнинг эшитишимиз ва кўришимизга ўхшамаслигини келтириб ўтган. Ҳаж, Луқмон ва Мужодала сураларининг бир қанча оятларида Аллоҳ таоло ошкора-ю махфий сўзларни эшитувчи ва ҳар қандай хатти-ҳаракат ва ҳолатларни кўрувчи Зот экани баён қилинган. Парвардигори оламга нафақат инсонлар, балки барча каттаю кичик мавжудотларнинг ҳаракатлари ва амаллари ҳамда товушларидан хабардор бўлиш малоллик туғдирмайди. Аллоҳ бутун борлиқни тасарруф қилувчи ва унга ҳукмини ўтказувчи Зотдир. Саҳродаги энг майда зарра ҳам ва коинотда айланиб юрган энг улкан сайёра ҳам унинг назаридан холи эмас. Мужодала сурасининг илк ояти ҳақида Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида бир аёл эри масаласида шикоят қилиб келди. Мен уйнинг тўрироғида эдим. Унинг сўзларини эшитмадим. Шу заҳоти Аллоҳ таоло: “Аллоҳ Сизга шикоят қилган аёлнинг сўзларини аниқ эшитди...” маъносидаги оятини нозил қилди”. Бу икки исм гоҳо бандаларни ҳар қанақа ҳолатда эшитиб кўриб турганлигидан огоҳ бўлишга ундаса, гоҳо бандалар томонидан содир этилган хайрли сўз ва амалларни ҳам эшитиб, кўриб турганлигини ва шунга муносиб мукофот беришлик хушхабарини қамраб олади. Исро ва Меърож воқеаси Ислом тарихида жуда машҳур воқеа бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни 10 йиллик рисолат даври машаққатлари ва дуоларини эшитиб, ихлос ва садоқат билан қилинаётган ҳар бир амалини кўриб турганини ваҳий орқали билдирди. Исро сурасининг биринчи оятида: “Бир кечада ўз бандасини (Муҳаммадни), унга мўъжизаларимиздан кўрсатишимиз учун (Маккадаги) Масжидул ҳаромдан (Қуддусдаги) Масжидул ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир”, дейилган. Мазкур икки улуғ исмнинг ҳам билиш лозим бўлган маънолари ва тақозо этадиган талаблари мавжуд бўлиб, буни теран англаб, мушоҳада қила олган киши жаннатга кириши ваъда қилинган. Қуръони каримнинг кўп ўринларида “эй мўминлар...” деб мўминларга хослаб ва “эй одамлар...” деб бутун инсониятга қарата хитоб этилган нидолар бор. Ҳар бир нидодан кейин инсонлар учун ҳам бу дунёда, ҳам охиратда фойдали бўлган бирор буйруқни бажариши ёки бирор қайтариқдан қайтиши ас-Самийъ ал-Басийрнинг моҳиятини англаган кишиларга осон бўлади. Банда қачон “Аллоҳ мени эшитиб турибди, мени кўриб турибди” деган эътиқодда бўлса, у тўғри сўзларни сўзлашга ҳаракат қилади, ўзининг сийрати ва суратини ислоҳ қилиш пайида бўлади. Агар банда Басийр Зот назаридан ҳеч нарса яширин эмас, ҳатто, ўз вужудига тааллуқли ҳар бир ҳужайра ҳаракатини кузатиб, ундан огоҳ эканига имон келтирса ва шу исм ҳақларига риоя этса, исмлардан ҳосил бўлган моҳиятни тушуниб етади. Инсонга берилган эшитиш- кўриш хусусияти жуда нисбий. Ҳатто, у ўз вужудида рўй берган бирон ўзгаришдан етарли воқиф бўлмайди, яъни эшитиб-кўришга қодир эмас. Шундай экан, инсон коинот ва борлиқда ҳар бир лаҳзада ўзгариб, турланиб турган воқеа-ҳодисаларнинг қанчасидан хабардор бўла олади, деб ўйлайсиз? Муҳаммадсиддиқ Усмонов тайёрлади