Савол: Кўп жамиятларда азалдан эркак ва аёллар ўртасида қўл ушлашиб саломлашиш одати бўлган. Одамлар бундай саломлашишга ўрганишганидан аёллар билан қўл ушлашиб сўрашмаган кишини қоралаш даражасига етганлар. Мусулмон эркак ва аёл бу қийин аҳволдан қандай сақланади? Жавоб: Эркак ва аёллар ўртасида қўл ушлашиб саломлашиш секин-аста одат бўлгани каби, қўл ушламасдан саломлашишни ҳам аста-секин одатга айлантириш лозим. Қўл ушлашиб кўришганлар аввал бошда қийинчиликларга дуч келишган. Фосиқларнинг ҳиммати мусулмонларникидан баланд эмас. Одамларнинг гап-сўзларига келсак, содиқ мўмин эътиборида уларнинг қиймати йўқдир. Тавба сурасининг 62- ояти мазмуни бундай: «Агар мўмин бўлсалар, (билиб қўйсинларки) қониқтиришларига Аллоҳ ва Расули лойиқроқдир». Савол: Лифтда ё йўлдаги машинада эркак ва аёлнинг танҳо ўзлари бўлиши «ман этилган ёлғизлик» ҳисобланадими? Жавоб: Ҳа. У ҳам ман этилган ёлғизликдир. Ундан сақланиш лозим. Савол: Эркак ва аёл бир-бири билан савдо-сотиқ қилиши мумкинми? Жавоб: Ҳа. Аёл эркакдан бирор нарса сотиб олиши ва аксинча ҳам бўлиши жоиз. Аммо бу ҳолатда огоҳлик ва эҳтиёткорлик зарур. Савол: Ҳанафий мазҳабида эркакнинг қўли аёлга (ёки аксинча) тегса, таҳорат бузилмайди. Бундан бу мазҳабда эркакнинг аёл билан қўл ушлашиб саломлашиши мумкин, деган хулоса чиқмайдими? Жавоб: Бу фикр баъзи одамлар тилида юради. Бу ҳайратли даражадаги нодонликдир. Зотан, таҳоратнинг синиши ва синмаслигининг ҳалол ва ҳаромга алоқаси йўқ. Абу Ҳанифанинг (раҳматуллоҳи алайҳ) бегона аёлни ушлаш таҳоратни синдирмайди, дейишлари уни ушлаш мумкин, дейишлари эмас. Зеро, ушлашнинг ҳукми бошқа, унинг таҳоратни синдирувчи экани бошқадир. Бу масала ўғриликка ўхшайди. Агар таҳорати бор кимса ўғрилик қилса, ўғрилик улкан гуноҳ бўлса-да, унинг таҳорати синмайди.