Савол: ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Маҳрни кейинроқ бериш шарти билан никоҳ ўқилган бўлса, лекин ҳали маҳр берилмаган ҳолда икки томон хоҳиши билан тўйдан бир йил ўтиб никоҳ бекор қилинса, маҳр бериш вожиблигича қоладими? Аёл: “Менга маҳр керакмас, розиман”, деса ҳам барибир маҳр бериш мажбурийми? Агар маҳр аёл розилиги билан берилмаса, яшаб ўтган бир йил зино бўлиб қолмайдими? Жавоб: ва алайкумус салом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Эркак ўз хотини билан илк бор ёлғиз қолганда, яъни хилвати саҳиҳа билан маҳр вожиб бўлади. Бунда жинсий яқинликка тўсқинлик қилувчи бирон омил бўлмаслиги, масалан эр жинсий ожиз ё бичилган бўлмаслиги керак. Демак, тўйдан кейин қиз ва йигит ёлғиз ўзлари қолишса, эрнинг зиммасига маҳр бериш вазифаси юкланади. Агар олдиндан маҳр тайинланган бўлса ва улар ҳали бирон марта ёлғиз қолмай туриб талоқ қилишга тўғри келса, у ҳолда аталган маҳрнинг ярмини бериш вожиб бўлади. Агар ажрашиш аёл сабабидан бўлса ҳам, масалан, тўйдан кейин (Аллоҳ асрасин!) хотини диндан қайтиб, муртад бўлса ҳам маҳрни бериш лозим бўлади. Муртадлик ила маҳр соқит бўлмайди. Шундай экан, бир йил яшаган, аёлдан озми-кўпми манфаат олган эркак унга маҳрни бериши керак. Гарчи бундан кейин бирга яшамаса ҳам. Аёл ажрашиш аламидан “маҳр керакмас”, деб айтиб юборган бўлиши мумкин. Аммо эркак ўз номига муносиб тарзда белгиланган маҳрни чин дилдан беради. Зеро, маҳр ўша аёлнинг ҳаққи. Бу ҳаққа ҳеч ким дахл қила олмайди.