Воскресенье, 12.05.2024, 16:03
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Март » 2 » Дуо билан боғлиқ муҳим маълумотлар
21:16
Дуо билан боғлиқ муҳим маълумотлар
Қуйида дуо қилиш одобларини санаб
ўтамиз:
1. Дуо қилишдан олдин Аллоҳга ҳамду
санолар айтиш.
Улуғ Аллоҳга дуо қилишдан олдин У
Зотга муносиб ҳамду санолар айтилади,
Аллоҳ мақталади. Аллоҳ мақтовни яхши
кўради.
Қуръони каримнинг биринчи сураси
Фотиҳада, аввал Аллоҳга ҳамду сано
айтиб, кейин дуо қилиш таълим
берилган.
Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бир киши дуо
қилаётганини эшитдилар. У дуо бошида
Аллоҳга мақтов айтмади ва Пайғамбарга
салавот йўлламади. Шунда Расулуллоҳ:
“Бу одам шошилди”, дедилар ва уни
чақириб: “Агар сизлардан биронтангиз
дуо қиладиган бўлса, бас, Парвардигорига
ҳамд айтишдан бошласин. Кейин
Пайғамбарга салавот йўлласин. Шундан
сўнг хоҳлаганини сўрайверсин!” дедилар
[1] .
2. Дуони Аллоҳнинг ягоналигини
эътироф этиш билан бошлаш.
Дуо аввалида Аллоҳга ҳамду санолар
айтиб, У Зотдан ўзга илоҳ йўқлиги
эътироф этилади. Бунда Юнус
алайҳиссалом дуоси бизларга намунадир.
У киши “Лаа илааҳа иллаа анта
субҳаанака инний кунту миназ
золимийн”, деб Аллоҳга илтижо қилган.
3. Дуодан олдин қилган гуноҳларини тан
олиб, ўзини хокисор тутиш.
Банда дуода Аллоҳдан ҳожатлари раво
қилинишини сўрайди. Бунда ўзини
камтар тутиш, камчиликларини тан олиб
Аллоҳга юзланиш мақсадга мувофиқдир.
Дуо қилаётганда фикру хаёлни бир жойга
жамланади. Зеро, фақат тил билан
қилинган дуо самара бермайди. Муҳими
қалб уйғоқ бўлиши керак.
4. Қалбда хушуни пайдо қилиш.
Хушу амаллар қабул бўлишида ва
қилинган дуонинг ижобатида катта
аҳамиятга эга. Хушу билан қилинган дуо,
шубҳасиз қабул бўлади.
5. Қатъият билан дуо қилиш.
Банда қалб тўридаги эҳтиёжларини
Аллоҳга арз қилар экан, дуосининг қабул
бўлишига зиғирча шубҳа қилмаслиги
керак. Ижобатига аниқ ишонган ҳолда
дуо қилинади. “Аллоҳ дуойимни қабул
қилармикан”, деган гумон билан ўқилган
дуо кутилганидек самара бермайди.
Ҳадиси шарифда: “Дуо қилувчи: “Эй
Аллоҳ, агар хоҳласанг, менга раҳм қил!”
демасин, балки қатъият билан сўрасин.
Зеро, уни мажбурловчи йўқ [2] ”, дейилган
[3] .
6. Аллоҳнинг раҳматидан умидвор
бўлиш.
Банда қўл очиб дуо қилганида Аллоҳнинг
раҳматидан умид қилиши керак. Баъзида
қилинган дуонинг ижобати кечикиши
мумкин. Шунда Аллоҳга янада кўпроқ
дуолар қилинади. “Дуо қилдим, ижобат
бўлмаяпти”, деб ноумид бўлиш мўмин
бандага ярашмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Агар биронтангиз: “Дуо қилдим, аммо
ижобат бўлмади, деб шошилмаса, дуоси,
албатта, ижобат қилинади”, деганлар[4] .
7. Такрор-такрор дуо қилиш.
Мўмин банда: “Бир-икки сўрадим,
бермади”, деб дуо қилишни тўхтатмайди,
кўпроқ дуо қилади.
Муҳим ишлар олдидан қилинадиган
истихора (Аллоҳдан ёрдам сўраш) етти
мартагача, ҳатто ундан ҳам кўпроқ
қилиниши тавсия этилган. Шундай экан,
дуони тўхтовсиз қилавериш керак. Зеро,
биз сўраган нарсани бериш Аллоҳга
оғирлик қилмайди. Аллоҳ дуойимизни
қачон ижобат қилишини Ўзи билади.
Қалб очилиб, кўнгилга бир хотиржамлик
инганида дуо қилишга аҳамият бериш
лозим. Сабаби кишида бундай ҳолат доим
ҳам бўлавермайди.
8. Мўмин биродарлари ҳақига дуо
қилиш.
Аллоҳ таоло бизларга ўтмишда ўтган
мўмин биродарларимиз ҳақига дуо
қилишни таълим берган. Расули акрам
соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминнинг
узоқдаги биродари ҳақига қилган дуоси
мустажоб эканини таъкидлаганлар.
Демак, дуода ҳам бошқа мўминлар
эсланиб, улар ҳақига яхшилик сўралса,
ўша дуонинг ижобат бўлиши тезлашади.
Шу билан бирга мўмин биродари ҳақига
сўраган нарса банданинг ўзига ҳам
берилади.
9. Дуони махфий тарзда қилиш.
Дуо қалб билан боғлиқ. Шунинг учун
дуони имкон қадар одамларга
билдирмасдан, ихлос билан қилинади.
Ошкора дуога риё аралашиши мумкин.
Аммо махфий дуода ихлос бўлади ва
қалбдан чиқади. Қалб тўри отилиб
чиққан дардли дуонинг қабул бўлишига
шубҳа йўқ.
10. Дуо қилувчининг гўзал суратда
бўлиши.
Аввало, қиблага юзланиб, ўзини хокисор
тутган ҳолда, покиза либосда ва тоза
жойда туриб дуо қилинади. Дуо
қилаётганда таҳоратли ҳолда бўлиш
афзал.
11. Икки кўлни кўтариб қиблага
юзланиш.
Икки қўлни кўтариш банданинг
муҳтожлигига далолат қилади. Ҳадиси
шарифда айтилишича, банда икки
қўлини кўтариб ихлос билан дуо қилса,
Аллоҳ банданинг қўлини қуруқ
қайтаришдан ҳаё қилади [5] .
12. Дуо қилинадиган жойнинг покиза ва
хаёлни чалғитувчи нарсалардан холи
бўлиши.
Зикр ва дуо покиза жойда қилинади.
Шунингдек, банда дуо қилаётганида
унинг фикрини чалғитадиган ортиқча
зийнатлардан узоқ бўлиш афзал. Сабаби
дуода хаёл чалғиса, хушу камаяди.
13. Дуо қилувчининг танаси пок бўлиши.
Дуо қилувчининг бутун танаси, айниқса,
оғзи пок бўлиши керак. Агар оғиз
ҳидланса, мисвок билан тозаланади ёки
сув билан мазмаза қилинади. Оғиздан
ёқимсиз ҳид келиб турган ҳолда дуо
қилиш одобга зиддир.
14. Макруҳ саналган вақтларда ёки
жойларда дуо қилмаслик.
Имом хутба қилаётганда, яна нопок
жойларда дуо қилиш макруҳ. Сабаби
имом хутба қилаётганда хутбани
эшитади. Нажосат бор жойда дуо
қилинмайди.
Дуода макруҳ саналган амаллар
Қуйидагилар дуодаги макруҳ амаллардир:
1. Овозни баланд кўтариш.
2. Икки бармоғи билан ишора қилиш.
3. Дуода ҳаддан ошиш (Масалан,
Аллоҳдан ҳаром нарсани ёки гуноҳ ишни
сўраш).
4. Мумкин бўлмаган нарсаларни,
масалан, дунёда мангу тирик қолишни
сўраш.
5. Қайтарилган бидъат-хурофот билан
дуо қилиш.
6. Дуода сўзларни қофияли қилиш.
7. Дуода истисно қилиш. Яъни, “Ё Аллоҳ,
агар хоҳласанг, ундан қил, бундай қил”,
дейиш. Аслида “Ё Аллоҳ, имонимни
саломат қил, менга офият бер, икки дунё
саодатига эриштир”, деб қатъий ишонч
билан дуо қилинади.
Дуонинг ижобат бўлиш шартлари
Дуонинг Аллоҳ тарафидан ижобат
қилиниш шартлари қуйидагилар:
1. Аллоҳга ихлос билан дуо қилиш.
Ҳожатлари раво қилинишини фақат
Аллоҳдан сўраш.
Ҳар қандай амалнинг қабул бўлишида
ихлос муҳимдир. Ихлоссиз, фикру хаёли
жойида бўлмаган ҳолда қилинган дуода
яхшилик йўқ.
2. Гуноҳга, қариндошлик алоқаларни
узишга дуо қилмаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: “Агар банда гуноҳга
ёки қариндошлик алоқаларини узишга
дуо қилмаса, шошилмаса, унга ижобат
қилинади”, деганларида, “Эй Расулуллоҳ,
шошилиш қандай бўлади?” деб сўралди.
Шунда у зот: “Банда: “Дуо қилдим, дуо
қилдим, ҳеч ижобат қилинмади”, деб
ноумид бўлади ва дуони тарк қилади”,
дедилар[6] .
3. Қалбни ортиқча ўй-хаёллардан холи
қилиш, дуо ижобат бўлишига аниқ
ишониш.
Ривоят қилинишича, Пайғамбар
алайҳиссалом шундай деганлар:
“(Дуоларингиз) ижобат этилишига аниқ
ишонган ҳолда Аллоҳга илтижо
қилинглар! (Шуни) билинглар, Аллоҳ
ғофил қалбдан дуони қабул қилмайди
[7] ”.
4. Дуо қилувчининг таоми, ичимлиги ва
либоси ҳалолдан бўлиши керак.
Дуо қилувчи банда ҳаромдан касб қилган
бўлса, унинг икки қўлини самога кўтариб
қилган дуоси қабул бўлмайди. Шунинг
учун банда, аввал ўзини тузатиши,
ҳаётини ҳалол тарзда ўтказиши керак.
Қуйидагилар дуонинг ижобатига
тўсқинлик қилади:
1. Шариатда қайтарилган йўллар билан
тирикчилик қилиш.
2. Дуонинг ижобатини кутмаслик,
сабрсиз бўлиш.
3. Гуноҳ-маъсиятга ботиш;
4. Аллоҳ фарз қилган амалларни узрсиз
тарк этиш;
5. Гуноҳ ишларни сўраш.
Мустажоб дуолар
Дуо қилувчи ким бўлишидан қатъи
назар, агар ижобат бўлиш шартлари
бажарилса, дуо қабул бўлади,
иншааллоҳ. Шу билан бирга, маълум
тоифалар дуоси ижобат бўлиши ҳақида
хабар қилинган. Жумладан:
1. Мусулмон банданинг биродари ҳақига
қилган дуоси;
2. Мазлумнинг дуоси;
3. Отанинг фарзанди ҳақига қилган
дуоси;
4. Мусофирнинг дуоси;
5. Рўзадорнинг ифторгача қилган дуоси;
6. Одил имомнинг дуоси;
7. Солиҳ фарзанднинг ота-онаси ҳақига
қилган дуоси;
8. Кечаси уйғониб Аллоҳга илтижо
қилган банданинг дуоси.
9. Ҳожининг дуоси;
10. Умра қилувчининг дуоси;
11. Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи
кишининг дуоси;
12. Аллоҳ яхши кўрган банданинг дуоси;
13. Маййит ҳақига қилинган дуолар
(мустажобдир).
Дуо ижобат бўладиган вақтлар
Айрим вақтларда қилинган дуолар қабул
бўлиши айтилган. Жумладан:
1. Қалб очилиб, Аллоҳга яқинлик пайдо
бўлганда;
2. Туннинг охирги учдан бир қисми
қолганда;
3. “Лаа илааҳа иллаа анта субҳаанака
инний кунту миназ золимийн” деб дуо
қилинганда;
4. Таҳоратдан кейин маъсур дуолар
ўқилганда;
5. Саждада;
6. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга
салавот айтилганда;
7. Жума кунидаги бир соатда [8] ;
8. Пешиндан олдинги вақтда;
9. Беш маҳал фарз намозидан кейин;
10. Азон ва иқомат орасида;
11. Намоз қоим бўлганда;
12. Қаттиқ ёмғир ёғаётганда;
13. Мусибат вақтида;
14. Муборак рамазон ойида;
15. Лайлатул қадрда[9] ;
16. Зулҳижжа ойининг аввалги ўн
кунида;
17. Арафа кунида;
18. Сафо ва Марвада;
19. Каъба ичида;
20. Ташриқ кунлари шайтонга тош отиш
вақтида;
21. Мусулмонлар зикр мажлисида
тўпланганида;
22. Холис ният билан замзам сувини
ичганда;
23. Хўроз қичқирганда (қилинган дуо
мустажобдир).
Дуода нималар сўралади?
Банда қўлини дуога очиб, Аллоҳга
илтижо қилар экан, қуйидагиларни
сўраши мақсадга мувофиқдир:
1. Аллоҳдан ҳидоятда бардавом қилиши;
2. Динда собитқадамлик;
3. Аллоҳдан дунёда ва охиратда авф
қилиши ва офият бериши;
4. Дин, дунё ва охират салоҳияти;
5. Гуноҳларининг мағфират қилиши;
6. Аллоҳдан жаннатга киритиши ва
жаҳаннамдан узоқлаштириши;
7. Ҳар бир ишда чиройли оқибат;
8. Неъматлар бардавомлиги;
9. Бошига оғир мусибат тушиши,
бахтсизлик, ёмон оқибат ва душманлар
ғаразидан Аллоҳ паноҳ бериши;
10. Элу юртга тинчлик-хотиржамлик,
фаровонлик, сиҳҳат-саломатлик
сўралади.
Зиёвуддин Раҳим тайёрлади
Манба: www.muxlis.uz
[1] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
[2] Яъни, Аллоҳ таоло банда сўраган
нарсани беришга мажбур эмас. У Зот
хоҳласа, беради, хоҳламаса, йўқ.
[3] Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
[4] Бухорий ривоят қилган.
[5] Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят
қилган.
[6] Муслим ривоят қилган.
[7] Термизий ва Ҳоким ривоят қилган.
Ривоят санади ҳасан.
[8] Жумҳур уламолар жума кунидаги
ижобат соати асрдан кейин эканини
айтишган.
[9] Баъзи уламоларга кўра, Лайлатул
қадр Рамазоннинг 27-кечасидадир. Аммо
“бу кечанинг вақти аниқ айтилмаган”,
деган қавл кучли саналади.
Категория: Долзарб мавзулар | Просмотров: 2122 | Добавил: Sayyod_Bek | Теги: Дуо билан боғлиқ муҳим маълумотлар | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz