Савол: ассалому алайкум. Илтимос, оилам мустаҳкамлигини сўраб дуо қилсангиз! Бир қиз туфайли оиламда тинчлик бўлмаяпти. Саволим шуки, бировнинг оиласини бузишнинг шаръий ҳукми қандай? Раҳмат! Жавоб: ва алайкумус салом. Эр-хотинни бир-биридан айириш катта гуноҳ. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган банда учун бу иш ҳалол эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эр-хотин ҳамда хўжайин ва қул орасини бузса, (ундай кимса) биздан эмас!” деб огоҳлантирганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти. Суютий ривоят санадини саҳиҳ, деган). Имом Муслим келтирган ривоятда айтилишича, эр ва хотин орасини бузиш лаънати шайтонни хурсанд қилади. Ким билмасдан бу ёмон ишни қилган бўлса, дарҳол Аллоҳ таолога тавба қилиб, қилмишини такрорламасликка қатъий аҳд қилади. Шу билан бирга, хатосини тузатиши, эр ва хотин орасини ислоҳ қилиши, улардан узр сўраш керак.