Жигарнинг ёғ босишига бир нечта асосий сабаблар мавжуд. Буларга нотўғри овқатланиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, дори-дармонларни назоратсиз қабул қилиш, қандли диабет, семириш кабилар киради. Жигарнинг ёғ босиши жигар фаолиятини издан чиқарадиган касаллик ҳисобланади. Агар бу касаллик вақтида даволанмаса, жигар циррози ёки жигар саратонига сабаб бўлади. Жигар ўзини-ўзи қайта тиклайдиган аъзо ҳисобланади. Шунинг учун бу касалликни даволаш учун аввал уни келтириб чиқарадиган сабабларни бартараф этиш керак бўлади. Бу ўринда эса мазкур касаликка қарши алоҳида парҳез тавсия этилади. Биринчи ўринда, бу касаллик билан оғриган беморлар спиртли ичимликларни мутлақо ичмасликлари, жуда шўр, аччиқ, қовурилган ва ёғли таомларни истеъмол қилмасликлари талаб этилади. Беморларга таркибида углеводлар, витаминлар, клечатка, пектинга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин. Ёғсиз гўшт ва балиқни фақат қайнатилгани ёки буғда пиширилгани тавсия этилади. Шунингдек, таомномадан помидор, қўзиқорин, редиска, пиёз, саримсоқни хом ҳолида, дудланган ва консерваланган маҳсулотлар ҳам олиб ташланади. Ёғли творог ва сметана, қаймоқ, кефир, сут, кофе, какао, яхна ичимликларни кам миқдорда истеъмол қилиш мумкин. Қайнатилган тухумни бир донадан ортиқ истеъмол қилмаслик керак. Қайнатма, борш, ширгуруч каби овқатлар тавсия этилади. Жигарнинг ёғ босиши касаллиги аниқланганида бемор ўзича даволанмасдан, албатта шифокорга мурожаат этиши шарт. Гастроэнтеролог ва гепатолог шифокор кўригидан ўтиб, тегишли даво чораларини олиши талаб этилади. З. Ҳайдаров
|