Воскресенье, 12.05.2024, 08:23
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Апрель » 10 » Жароҳатга масҳ тортиш
21:43
Жароҳатга масҳ тортиш
Бирон аъзо синганда ёки шикастланганда,
устидан гипс қилинса ёки дори қўйиб мато
билан боғланганда, таҳорат чоғида уни
ечиб ювиш машаққат туғдирса, оғриқни
кучайтирса ёки тузалишни кечиктириб
юборадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз.
Бу ҳам Ислом енгиллик дини эканига
ёрқин мисолдир.
Жароҳатланган жойни таҳорат қилганда
ҳар сафар ечиб ювиш машаққат ва зарар
келтиради. Уни ечиш махсини ечишдан ҳам
қийинроқ.
Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадлар
жароҳатларга масҳ тортиш фарз эмас,
вожибдир, дейишган [1] . Фақат бунда масҳ
тупроқ билан эмас, сув билан тортилади.
Жароҳат жойларига масҳ тортиш сув билан
ювганнинг ўрнига ўтади[2] . Агар жароҳат
жойи ечилганда тузалган бўлса, уни ювиш
вожиб бўлади. Агар ҳали тузалмаган
бўлса, масҳ тортишда давом этади. Агар
жароҳати бўлиб, бошқа аъзоларга ҳам сув
тегиши зарар қилса, бундай киши таяммум
қилади.
Қуйидаги ҳолатларда жароҳатга масҳ
тортиш жоиз:
– синган ёки жароҳатланган аъзога сув
текказиш ёки ечиш зарар келтирса;
– жароҳатга боғланган латтани ечганидан
кейин ярани ўзи боғлай олмаса ёки боғлаб
қўядиган одам бўлмаса;
– совуқ сув билан ювиш ярага зарар
келтирса[3] ;
Агар жароҳат устига боғланган латтага
масҳ тортиш ҳам зарар келтирса, масҳ
соқит бўлади. Сабаби узр туфайли ювиш
соқит бўлади. Жароҳатга масҳ тортишнинг
соқит бўлиши ювишникидан кўра
муҳимроқдир.
Жароҳатларга масҳ тортиш билан махсига
масҳ тортиш ўртасида фарқ бор. Улар
қуйидагилар:
1. Махсига фақат таҳоратда масҳ
тортилади. Жароҳатларга эса таҳоратда
ҳам, ғуслда ҳам масҳ тортиш жоиз;
2. Махсига масҳ тортиш муддати муқим ва
мусофир учун алоҳида белгиланган.
Жароҳатларга масҳ тортиш эса муқим ва
мусофирга бир хил. Унинг муддати яра
тузалгунича давом этади.
3. Махсига масҳ тортиш учун махси
оёқларга таҳоратли ҳолда кийилган
бўлиши лозим. Жароҳатларга масҳ
тортишда эса бу нарса шарт эмас.
Чунончи, ярани боғлаш, тахтакачлаш ёки
гипслаш учун аввал таҳорат қилиб олиш
шарт эмас [4] .
4. Жароҳатнинг аксар қисмига масҳ
тортиш лозим. Махсининг эса учта бармоқ
миқдорича жойига масҳ тортиш етарли.
5. Жунуб бўлганда махси ечилиб, оёқ
ювилиши керак. Аммо жароҳатликда ҳам
ечилмайди. Ғуслда ҳам жароҳатга масҳ
тортилади.
6. Жароҳат тузалмасидан олдин унга
боғланган латта тушиб кетса, жароҳатга
тортилган масҳ бузилмайди. Махсининг
оёқдан чиқиб кетиши билан унга
тортилган масҳ бузилади.
7. Жароҳатга масҳ тортиш оёқдан бошқа
аъзоларга ҳам тегишли. Аммо махсига
масҳ тортиш фақат оёқ билан боғлиқ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Биз сафарга чиққан эдик.
Орамиздан бир кишига тош тегиб боши
ёрилди. Сўнгра у эҳтилом бўлиб
дўстларидан: “Мен таяммум қилсам
бўладими?” деб сўради. Улар: “Сен сув
ишлатишга қодир бўла туриб таяммум
қилишинг жоиз эмас, деб биламиз”,
дейишди. Бас, у ғусл қилди ва ўлиб қолди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ҳузурларига борганимизда у зот бундан
хабар топиб, “уни ўлдиришибди, Аллоҳ
уларни ўлдирсин! Билмасалар
сўрамайдиларми?! Ахир жоҳилликнинг
давоси савол-ку! Унга таяммум қилиш –
жароҳатига латта боғлаб, унга масҳ
тортиши ва танасининг қолган қисмини
ювиши кифоя қилар эди!” дедилар” (Абу
Довуд, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким,
Дорақутний ривояти. Ривоят санади
ҳасан).
Ушбу ривоятда боши ёрилиб, эҳтилом
бўлган киши дўстларидан таяммум қилиш
ҳақида сўраганида улар уни бу ишдан
қайтарганлари, у бемор бўла туриб ғусл
қилиши натижасида вофот этгани, буни
эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам илмсиз тарзда фатво берганларни
қаттиқ койиб, жароҳатга масҳ тортиш
жоизлигини таъкидлаганлари айтилмоқда.
Ривоятдаги “таяммум”ни тупроқ билан
таяммум қилиш эмас, балки жароҳат
устига боғланган латтага сув билан масҳ
тортиш, деб тушуниш керак.
Абу Умомадан ривоят қилинишича, Уҳуд
куни Ибн Қамийъа Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламга ўқ отган ва у зот
таҳорат қилаётганларида жароҳат устидаги
латтани ечиб, таҳорат суви билан унга масҳ
тортганлар (Табароний “Кабийр” ва
“Муснадуш-шамиййийн”да ривоят қилган.
Ривоят санадида заифлик бор).
Ушбу ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
жароҳатланганларидан кейин таҳоратда
жароҳат устига масҳ тортганлар. У зот
Уҳуд жангида жароҳат олганлар. Ўшанда
саҳобалар орасида саросима пайдо бўлиб,
уларнинг баъзиси Мадинага қочиб кетади.
Баъзилари тоғ тепасига чиқиб олишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
одамларни Аллоҳ йўлида сабот билан
жанг қилишга чақирдилар. Шунда
Абдуллоҳ ибн Қомийъа Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламга тош отди ва у зотнинг
бурнилари ва тишларини синдирди. Кейин
ўттиз нафар киши келиб Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя
қила бошлади. Улар ичида Талҳа ва Саҳл
ибн Ҳунайфлар ҳам бор эди.
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан синган
жойдаги жароҳатлар ҳақида, жароҳат эгаси
таҳорат қилаётганида ва жунубликдан ғусл
қилаётганида қандай қилиши ҳақида
сўрадим. У зот: “У (жароҳат) устига
жунублик ва таҳоратда сув билан масҳ
тортадилар”, дедилар. Мен: “Агар совуқ
бўлиб, ғусл қилса, ўзига зарар бўлишидан
қўрқса-чи?” деб сўраган эдим, у зот: “Агар
қўрқса, (тупроқ билан) баданини силайди,
таяммум қилади”, дедилар ва “ўзингизни
ўлдирманг. Зеро Аллоҳ сизларга ўта
Меҳрибондир” оятини тиловат
қилдилар” (Дорақутний “Сунан”да ривоят
қилган).
Ушбу ривоятда таҳорат ва ғуслда
жароҳатга масҳ тортиш жоиз экани, агар
жароҳати бор киши жунуб бўлса,
жароҳатини ечиб, ярасини ювиши шарт
эмаслиги айтилмоқда.
Ашъасдан ривоят қилинади: “Мен Иброҳим
Нахаъийдан: “Менинг қўлим синди. Унинг
устида латта, тахтакач ва яралари бор.
Баъзида менга жунублик етади. (Шунда
қандай йўл тутаман?)” деб сўрагандим, у:
“Унинг устига сув билан масҳ торт. Чунки
Аллоҳ таоло узрли ҳолатни кечиради”,
деди” (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ва
Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).
Бундан жароҳатга масҳ тортиш жунубга
ҳам жоиз экани маълум бўлади. Сабаби
жароҳат боғланган вақтда кишида
жунублик ҳолати кузатилади. Агар бунда
ярани ювиш лозим қилинганида
бандаларга қийинлик қиларди. Шу сабаб
енгиллик дини бўлган Исломда жунуб
жароҳатга масҳ тортиши жоиз.
Жароҳат жойларга боғланган бинт ёки гипс
устидан масҳ тортиш учун ният шарт эмас.
Лекин ният қилиш афзал.
Икки оёқдан бири ярали бўлса, ярали
оёққа масҳ тортилади ва унинг қолган
жойи билан иккинчи оёқ ювилади.
Агар жароҳатли киши жунубликдан ғусл
қилганда соғлиғига зарар етишидан
қўрқса, тупроқ билан таяммум қилади.
Яра тузалмасдан олдин устидаги бинт ёки
гипс тушиб кетса, унга тортилган масҳ
бузилмайди.
Жароҳат устидаги бинтни янгилаш жоиз. Бу
ҳолда янгидан масҳ тортиш шарт бўлмаса
ҳам, эҳтиёт юзасидан масҳ тортиш яхши.
Абу Ҳанифа айтади: “Агар жароҳатга масҳ
тортиш зарар қилса, ундан масҳ соқит
бўлади. Сабаби узр юзасидан ювиш соқит
бўлади. Масҳ эса ювишдан кўра соқит
бўлишга яқинроқдир”.
Абу Юсуф ва Муҳаммадларга кўра,
жароҳатга масҳ тортилмай ўқилган намоз
тўғри бўлмайди.
Ҳанафийлар наздида, жароҳатнинг аксар
қисмига бир марта масҳ тортиш кифоя
қилади. Жароҳатнинг ҳаммасига масҳ
тортиш ёки масҳни такрорлаш шарт эмас
[5] .
Уламолар иттифоқига кўра, бир оёғидаги
жароҳатга масҳ тортиб, иккинчи соғлом
оёғидаги махсига масҳ тортиш жоиз эмас.
Бунда иккала оёқ ювилади ва жароҳат бор
ерга масҳ тортилади.
Жароҳатга масҳ тортиш муддати
белгиланмаган. Яра тузалгунча унга масҳ
тортиш жоиз.
Жунуб ғусл қилаётганида хоҳлаган вақтда
жароҳатига масҳ тортиши мумкин [6] .
Ҳанафий ва моликийлар наздида,
жароҳатга масҳ тортиш ва таяммум
жамланмайди, яъни бир вақтда
қилинмайди, балки жароҳатга масҳ
тортишнинг ўзи етарли. Бунга сабаб шуки,
икки хил таҳорат бир пайтда қилинмайди
[7] .
Оёқни ювиш билан махсига масҳ тортиш
ҳам жамланмайди. Яъни, кишининг бир
оёғида жароҳат бўлиб, таҳоратда унга
масҳ тортса ва бошқа соғлом оёғига
махсига кийса, таҳорати синганидан кейин
иккинчи оёғидаги махсига масҳ тортиши
мумкин эмас. Агар оёқдаги жароҳатга
масҳ тортиб, иккала оёғига махси кийса,
унда махсига масҳ тортиши мумкин.
Ҳанафий уламолар наздида, киши
жароҳатга масҳ тортиб, бир неча кун
намоз ўқиса, яраси тузалганидан кейин
жароҳатига масҳ тортиб ўқиган
намозларини қайтариб ўқиши шарт эмас.
Баданининг кўп қисми ёки ярми ярали
бўлган киши жунуб бўлса, ғусл ўрнига,
таҳоратсиз бўлса, таҳорат ўрнига таяммум
қилади. Агар тана аъзоларининг аксар
қисми соғлом ва озроқ қисми ярали бўлса,
соғлом жойларини ювади ва ярасига масҳ
тортади.
Агар қорни ёки елкасида жароҳати бўлиб,
баданига сув тегиши зарарли бўлса,
бундай ҳолатда ҳам таяммум қилинади.
Имом Абу Бакр айтади: “Мен Кархийнинг
“Жомуъес-соғийр”ида кўрдимки, икки қўли
ва икки оёғи кесилган кишининг юзида
жароҳат бўлса, у таҳоратсиз намоз ўқийди.
У таяммум ҳам қилмайди, намозни
қайтариб ҳам ўқимайди[8] ”.
Жароҳатга тортилган масҳни бузувчи
нарсалар
Агар жароҳат тузалиб, устига боғланган
латта тушиб кетса ёки ечилса, кишининг
таҳорати бўлмаса, таҳорат қилаётганда
ўша аъзони ювади. Агар таҳоратли ҳолида
жароҳат тузалиб латта тушиб кетса, унга
тортилган масҳ бузилади. Бунда фақат
жароҳатнинг ўзи ювилади, қайтадан
таҳорат ёки ғусл қилиш шарт эмас.
Жароҳатдан тузалгач, таҳорат ва ғуслда
ювилмай, устига масҳ тортилган аъзонинг
ўзини ювиб қўйса, кифоя қилади. Сабаби
баъзи аъзонинг нопоклиги бутун танани
нопок қилолмайди. Бу худди махсига масҳ
тортиш муддати тугаши ёки муддат
чиқмай туриб, махсининг оёқдан
ечилишига ўхшайди. Маълумки, бунда
оёқнинг ўзини ювса, кифоя қилади.
Агар яра тузалмай туриб устига боғланган
латта тушиб кетса, уни ювиш лозим эмас,
унга тортилган масҳ ҳам бузилмайди. Агар
яра тузалиб латта тушиб кетса, унга
тортилган масҳ бузилади ва фақат ўша
жойнинг ўзини ювиш лозим бўлади.
Агар намоз ўқиётганда жароҳатга
боғланган латта тушиб кетса, намоз
ўқишда давом этади, бошидан бошлаш
шарт эмас. Агар намоздан ташқарида
тушиб кетса, латтани жойига қайтариб
боғлайди, унга қайтадан масҳ тортиши
шарт эмас. Шунингдек, яра тузалмасидан
олдин латта алмаштирилса ҳам қайта
масҳ тортиш шарт эмас.
Таҳоратда жароҳатга қўйилган дори
устидан сув юргизилса, кейин яра тузалиб
дори тушиб кетса, уни ювиш лозим. Акс
ҳолда йўқ.
Жароҳат устига боғланган латтага яра
суви ёки қон чиқса, таҳорат бузилади. Акс
ҳолда йўқ.
Жароҳат устидаги латта алмаштирилганда
унга қайта масҳ тортиш афзал.
Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори
Юнусхон ўғлининг “Таҳорат китоби”дан
Категория: Фиқҳ | Просмотров: 991 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz