Суббота, 11.05.2024, 14:38
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Апрель » 10 » Таяммум
21:41
Таяммум
“Таяммум” сўзи луғатда “ният қилиш”
маъносини англатади[1] . Шаръий
истилоҳда таяммум деб покланиш нияти
билан покиза ер жинсини юз ва икки қўлга
суртишга айтилади.
Таҳорат ёки ғусл қилмоқчи бўлган банда
сув топа олмаса ёки сув ишлатишга қодир
бўлмаса, таяммум қилади. Бу Исломнинг
бағрикенглигидандир. Айни пайтда
таяммум Аллоҳга ибодат қилиш ва руҳий
озуқа олишдан маҳрум бўлмаслик
мақсадида шариатда жорий қилинган
енгиллик ва раҳматдир.
Таяммум таҳорат ва ғусл ўрнига ўтади.
Уламолар ижмоъсига кўра, таяммум
бадандан нопокликни, бетаҳоратликни
кетказмайди, аммо намоз ўқишни мубоҳ
қилади[2] .
Таяммум ҳижрий олтинчи йилда, бани
Мусталиқ (Мурайсиъ) ғазотида шариатга
жорий қилинган ва у Қуръони карим
оятлари ва ҳадиси шарифлар билан собит
бўлган.
Сув билан таҳорат қилгандан сўнг қандай
амалларни бажариш мумкин бўлса,
таяммум билан ҳам худди шу амалларни
адо қилиш жоиз. Жумладан, хоҳ фарз, хоҳ
нафл бўлсин, намоз ўқиш, Қуръонни ушлаш
ёки ўқиш, тиловат ёки шукр саждаси
қилиш, масжидга кириш ва ҳоказо.
Аллоҳ таоло намозга туришдан олдин
таҳорат қилиш лозимлигини баён қилгач,
сув бўлмаган ҳолларда бандаларига
енгиллик яратилганини таъкидлаб шундай
деган:
“Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки
сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан
бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган
бўлсаларингиз ва сув топа олмасангиз, бас,
покиза ер жинси (тупроқ) билан таяммум
қилинглар – юзингиз ва қўлларингизга ўша
(покиза тупроқ) билан масҳ
тортинглар!” (Моида, 6).
Ушбу ривоятда банда касаллик сабаб сув
ишлата олмаса ёки сув ишлатишга қодир
бўла туриб, сув топа олмаса, покиза ер
жинси билан таяммум қилиш таҳорат ва
ғусл ўрнига ўтиши маълум қилинмоқда.
Бошқа оятда шундай дейилади:
“Агар бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки
сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан
бўлса ёхуд хотинларингиз билан яқинлаш
бўлсангиз ва сув топа олмасангиз, бас,
покиза ер жинси (тупроқ) билан таяммум
қилинглар – юзингиз ва қўлларингизга ўша
(покиза тупроқ) билан масҳ тортинглар!
Албатта Аллоҳ авф қилувчи ва мағфирати
кенг Зотдир” (Нисо, 43).
Бу оятда ҳам юқоридаги маъно
таъкидланмоқда. Фақат бу ерда Аллоҳ
таоло бандалар гуноҳларини муттасил
тарзда кечирувчи Зот экани
эслатилмоқда.
Қуйида таяммум ояти нозил қилинишига
сабаб бўлган воқеани кўриб чиқамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
завжалари Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят
қилади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам билан бирга у зотнинг
сафарларидан бирига чиққан эдик. Байдо
ёки Зотул Жайшга етиб келганимизда
мунчоғим узилиб кетди. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни
қидиришга киришдилар. Одамлар у зот
билан бирга мунчоғимни қидира
бошладилар. Ўшанда уларнинг сувлари йўқ
эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига келиб,
“Оиша нима қилганини кўрдингми? У
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ва одамларни ушлаб қолди. Устига-устак
улар сув бор жойда эмаслар, ўзлари билан
ҳам сув олмаганлар”, дейишди. Абу Бакр
келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам бошларини тиззамга қўйиб ухлаб
қолган эдилар. (Абу Бакр:) “Сен
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ва одамларни ушлаб қолибсан. Улар сув
бор жойда эмаслар. Ўзлари билан ҳам сув
олмаган эканлар!” деди. Оиша айтади: “Абу
Бакр мени қаттиқ тергаб, Аллоҳ нима
дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани айтди ва
қўли билан биқинимга турта бошлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
бошларини тиззамга қўйиб ётганлари учун
қимирлай олмасдим. Тонг отганда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
уйқудан турдилар. Ўшанда у зотнинг
сувлари йўқ эди. Шунда Аллоҳ таоло
таяммум оятини нозил қилди ва улар
таяммум қилишди. Усайд ибн Ҳузайр: “Эй
Абу Бакр оиласи, бу сизларнинг биринчи
баракангиз эмас”, деди. (Оиша) айтади:
“Мен миниб юрган туяни ўрнидан турғазган
эдик, мунчоғимни унинг тагидан
топдик” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд,
Насоий, Молик ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Байдо ва Зотул Жайш Мадина ва Хайбар
орасида жойлашган. Баъзи ривоятларда
келишича, Оиша розийаллоҳу анҳо онамиз
мунчоқлари Мадинага киришдан олдин
Байдода йўқолган [3] . Оиша розийаллоҳу
анҳо онамиз мунчоқлари йўқолгани
маълум бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам, Усайд ибн Ҳузайр ва
бошқалар уни қидиришга тушишди. Ибн
Баттолдан ривоят қилинишича, ўша
мунчоқнинг баҳоси ўн икки дирҳамга тенг
бўлган. Бундан, гарчи нархи пастроқ бўлса
ҳам, мусулмон банда молни, бойликни
беҳуда зое қилмаслиги, йўқолган нарсани
қидириши кераклиги маълум бўлади.
Баъзи одамлар Оиша розийаллоҳу анҳо
устидан Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга
шикоят қилдилар. Ваҳоланки, Оиша
розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам завжалари, оилали аёл
эди. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу қизи
Оишани тергай бошлади. Табароний
ривоятида келишича, у қизига: “Сен ҳар
сафар бизга машаққат туғдирасан!” деган.
Аслида ота қизига нисбатан меҳрибон
бўлади. Аммо одамларни йўлдан
қолдириб, сувсиз қолишларига сабаб
бўлган Оиша отасидан гап эшитди. Ота
фарзандларига, уларнинг одоб-ахлоқига
масъулдир. Фарзанднинг яхши ишига ҳам,
ёмон қилмишига ҳам ота-она жавобгар.
Шу сабаб бўлса керак, шикоятчилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
эмас, Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга
мурожаат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Оиша розийаллоҳу анҳо тиззаларига
бошларини қўйиб ухлаб қолган эдилар.
Тонг отганда уйқудан турдилар[4] . Ўшанда
у зот таҳорат қилишлари учун сув йўқ эди.
Шунда Аллоҳ таоло мусулмонларга
енгиллик бўлиши учун таяммум оятини
нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бошчилигидаги
мусулмонлар таяммум қилиб, намоз
ўқидилар.
Бундай енгиллик яратилишини кўрган
Усайд ибн Ҳузайр розийаллоҳу анҳу Абу
Бакр ва Оишаларга қарата: “Бу сизлар
сабаб эришилаётган биринчи яхшилик
эмас. Аввал ҳам сизлар кўп баракага
сабаб бўлган эдингиз”, деди. Бундан Абу
Бакр, Оиша ва уларнинг оила аъзолари
фазилатлари нақадар улуғлигини билиб
оламиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
томонидан тайинланган одамлар
мунчоқни топа олмай қайтиб
келганларида таяммум ояти нозил бўлган
эди. Улар Оиша розийаллоҳу анҳо миниб
юрган туяни ўрнидан турғазган эдилар,
мунчоқ ўша туянинг тагида экан. Ажойиб
ҳодиса! Аввалига Оиша розийаллоҳу анҳо
мунчоғи йўқолиб, одамлар сувсиз
қолишлари, мусулмонларга енгиллик
туғдирувчи оят нозил бўлганидан кейин
мунчоқниг топилиши Аллоҳнинг улуғ
тадбирларидан бири эканига шубҳа йўқ.
Қуйидаги ривоят юқоридагисининг баъзи
жиҳатларини изоҳлайди.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят
қилинишича, у Асмоъдан маржонни олиб
турган эди. Ўша маржон йўқолиб
қолганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам бир кишини юбордилар. У
маржонни топди. Ўшанда намоз вақти
кириб, уларнинг сувлари йўқ эди. Шундай
бўлса ҳам намоз ўқийверишди. Бас, улар
буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламга айтишганида, Аллоҳ таяммум
оятини нозил қилди. Шунда Усайд ибн
Ҳузайр Оишага: “Аллоҳ сени яхшилик билан
мукофотлантирсин! Аллоҳга қасамки, сен
билан боғлиқ, аммо сен ёқтирмайдиган
бирон иш содир бўлса, албатта Аллоҳ буни
сен ва мусулмонлар учун хайрли қилади”,
деди (Бухорий, Муслим, Ибн Можа ва
Аҳмад ривояти).
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Оиша
розийаллоҳу анҳо мунчоқни опалари
Асмоъ розийаллоҳу анҳодан олиб турган.
Ўша мунчоқ йўқолганида Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча
кишиларни уни топиб келишга буюрганлар.
Уларнинг бири маржонни топади. Ўшанда
намоз вақти кирган, аммо уларнинг
сувлари йўқ эди. Шу сабаб улар
таҳоратсиз намоз ўқидилар. Улар келиб,
буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва
салламга айтганларида Аллоҳ таоло
таяммум оятини нозил қилди. Шунда
Усайд ибн Ҳузайр Оиша розийаллоҳу
анҳога қараб, “Аллоҳ сени яхшилик билан
мукофотлантирсин! Аллоҳга қасамки, сен
билан боғлиқ, аммо сен ёқтирмайдиган
бирон иш содир бўлса, албатта Аллоҳ буни
сен ва мусулмонлар учун хайрли қилади”,
деди.
Ҳа, Оиша розийаллоҳу анҳо мунчоғининг
йўқолиб, одамларни овора қилгани
кўпчиликка маъқул тушмаган, ҳатто Оиша
розийаллоҳу анҳонинг ўзи ҳам бундан
сиқилди. Бироқ, охир-оқибат бу воқеа
Аллоҳ таоло мусулмонга енгиллик оятини
нозил қилишига сабаб бўлди. Аллоҳ Оиша
онамизни яхшилик, ажр-савоб билан
мукофотлантирсин!
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят
қилади: “Албатта покиза ер жинси, гарчи
ўнг йил сув топа олмаса ҳам, мусулмон
(банда) ни покловчидир. Агар сув топса,
уни баданига текказсин! Зеро, мана шуниси
яхшидир” (Сунан соҳиблари, Аҳмад ва
Дорақутний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Покиза ер жинси, тупроқ, қум, тош ва шу
кабилар сув йўқ пайтида мусулмон
бандани покловчи воситадир. Гарчи ўн
йил сув топа олмаса ҳам, банда тупроқ
билан таяммум қилиб юравериши мумкин.
Албатт ўн йил сув топилмаслиги мумкин
эмас. Бу ерда узоқ муддат кўзда тутилган.
Бундан келиб чиқадики, жунуб киши ҳам
сув топа олмаса, таяммум қилиши мумкин.
Шунингдек, ҳанафий уламолар бундан
далил қилиб, намоз вақти чиқиши билан
таяммум бузилмайди. Унинг ҳукми таҳорат
ҳукми кабидир, дейишган.
Сув йўқлигида таяммум қилинади. Агар
сув топилса, аъзоларни сув била ювиш
афзал. Яъни сув йўқлигида тупроқ билан
таяммум қилгандан сув борида сув билан
таҳорат қилиш яхшироқ. Уламолар сув бор
пайтда уни ишлатишга қодир бўлса ва
таҳорат қилишга бошқа тўсқинликлар
бўлмаса, таяммум қилиш мумкин
эмаслиги, сув билан таҳорат қилиш вожиб
эканини айтишган.
Яна Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам олдларида озроқ қўйлар
йиғилганди. У зот: “Эй Абу Зарр, уларни
ўтлатишга олиб чиқ!” дедилар. Мен
қўйларни Робазага олиб чиқдим. Ўшанда
мен жунуб бўлиб қолиб, беш ёки олти кун
(шу ҳолда) юрдим. Кейин Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига
бордим. У зот: “Абу Заррмисан?” деб
сўрадилар. Мен индамадим. Шунда у зот:
“Онанг сени йўқотиб қўйгур Абу Зарр, эх
сени қара?!” дедилар ва бир қора жорияни
чақирдилар. У идишда сув олиб келди ва
мени кийим билан тўсиб турди. Мен туяни
ўзимга пана қилиб, ғусл қилдим ва гўё
елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам:) “Покиза тупроқ ўнг йилгача бўлса
ҳам мусулмоннинг таҳоратидир. Қачон сув
топсанг, уни баданингга текказ. Албатта
шуниси яхшироқдир”, дедилар” (Абу Довуд
ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
“Робаза” Мадина қишлоқларидан бири. У
Мадинадан уч мил узоқликда, Зоту Ирққа
яқин жойдадир.
Ушбу ривоятда Абу Зарр розийаллоҳу анҳу
жунуб бўлиб қолиб, сув топа олмай беш-
олти кун нопок ҳолда юргани айтилмоқда.
Унинг бу ҳолидан хабар топган Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Заррни
қаттиқ тергадилар ва хизматкор аёлга
идишда сув олиб келишни буюрдилар. Абу
Зарр ғусл қилиб бўлгач, елкасидан тоғ
ағдарилгандек бўлди. Сабаби жунублик
катта бетаҳоратлик, маънавий оғирлик
бўлиб, покланмай юрилса, инсон дили хира
ва ўзи ланж бўлиб қолади. Бунинг тиббий
ва маънавий сабаблари бор.
Абу Зарр ғусл қилиб бўлгач, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатга кўра,
унга билмаган нарсасини ўргатдилар,
банда жунуб бўлганида ёки таҳорати
бўлмаса ва сув топа олмаса, покиза
тупроқ билан таяммум қилиши унга
таҳорат ёки ғусл қилиш ўрнига ўтиши,
гарчи узоқ муддат сув топилмаса ҳам,
тупроқ билан таяммум қилиб юравериш
мумкинлиги, қачон сув топилса, сув билан
ғусл ёки таҳорат қилиш лозимлигини баён
қилдилар.
Айюб Абу Қилобадан, у бани омирлик бир
кишидан ривоят қилади: “Мен Исломга
кирдим. Дин қайғусида (яъни, илм олиш
учун) Абу Заррнинг олдига бордим. Абу
Зарр: “Мадина ҳавоси мизожимга оғирлик
қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам мени туя ва қўйларни боқишга
буюрдилар ва: “Унинг сутидан ичгин”
дедилар (Ҳаммод: “Унинг “бавли”да
шубҳаланаман”, деган. Бу Ҳаммоднинг
гапи). Абу Зарр айтади: “Мен сувдан
узоқда бўлар ва мен билан аҳлим ҳам
бирга эди. Менга жунублик етганида
таҳоратсиз намоз ўқирдим. Бас, куннинг
ярмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам олдиларига бордим. У зот бир
гуруҳ саҳобалар билан масжид соясида
ўтирган эканлар. “Абу Заррмисан?”
дедилар. Мен: “Ҳа. Эй Расулуллоҳ, ҳалок
бўлдим!” дедим. У зот: “Нега ҳалок
бўласан?” деб сўрадилар. “Мен сувдан
узоқда бўлар, жунублик етганида
таҳоратсиз намоз ўқирдим”, дедим. Шунда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
сув олиб келишни буюрдилар. Қора жория
идишда сув олиб келди. Идиш тўла
бўлмаса-да, ундаги сув чайқалиб турарди.
Мен туямни пана қилиб, ғусл қилдим ва
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
олдиларига бордим. У зот: “Эй Абу Зарр,
пок тупроқ, гарчи ўн йил сув топа олмасанг
ҳам, покловчидир. Агар сув топсанг, уни
баданингга текказ”, дедилар” (Абу Довуд
ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
Бу ривоят юқоридагисини шарҳлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят
қилади: “Ер мен учун масжид ва покловчи
қилинди” (Сунан соҳиблари ривояти.
Ҳадис санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламга берилган икки хислат
зикр қилинмоқда. Бу нарса аввалги
умматларда бўлмаган. Ислом уммати,
уммати муҳаммадийя Ер юзасининг
қаерида бўлмасин, чўлми, далами, тоғми
ёки денгизми, агар намоз вақти кирса ва
покиза жой бўлса, ҳар қандай ўринда
намоз ўқиши мумкин. Намоз фақат
масжидларда ўқилмайди. Бошқа динларда
ибодат қилиш учун махсус жойларга
бориш лозим эканини кўпчилигимиз яхши
биламиз.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам ва у зотнинг умматларига Ер
(тупроқ ва покиза ер жинси) покловчи,
намоз ва бошқа ибодатларни мубоҳ
қилувчи қилинди. Агар сув бўлмаса ёки сув
ишлатишга имкон топилмаса, ҳар қандай
банда, қаерда бўлишидан қатъи назар,
покиза тупроқ билан таяммум қилиб,
намоз ўқиши мумкин. Бу нарса
мусулмонлар учун енгиллик ва Аллоҳнинг
раҳматидир.
Баъзилар таяммум фақат қишлоқ ёки
сафар билан боғлиқ, муқим ва шаҳардаги
киши таяммум қилиши мумкин эмас, деб
давъо қилишган. Аммо ривоятларда
шаҳарда ҳам таяммум қилиш мумкинлиги
баён этилган.
Нофеъ Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам Мирбадун-наъам деб
аталадиган жойда таяммум қилганларини
кўрдим. У зот бу ердан Мадина уйларини
кўриб турардилар” (Байҳақий, Дорақутний
ва Ҳоким ривояти. Ҳоким: “Бу саҳиҳ
санадли ривоят”, деган).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Мадинадаги уйларни кўриб турган жойда
эканларида таяммум қилганлар. Демак, у
зот шаҳардаликларида таяммум
қилганлар.
Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори
Юнусхон ўғлининг “Таҳорат китоби”дан
Категория: Фиқҳ | Просмотров: 1971 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz