Воскресенье, 12.05.2024, 01:46
TAQVO.MOY.SU
Меню сайта
Категории раздела
Ҳалол ва ҳаром [25]
Оила ва никоҳ [14]
Аёллар саҳифаси [4]
Қуръони карим [0]
Ҳадис [0]
Фиқҳ [9]
Бидъат-хурофотлар [0]
Ўлимни эслаш ва жаноза [1]
Одоблар [16]
Янги мақолалар [43]
Долзарб мавзулар [17]
Ислом олами янгиликлари [3]
Мини-чат
Янгилик, Масъалалар
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 27
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Апрель » 10 » Таҳорат қилиш мумкин бўлган сувлар
21:39
Таҳорат қилиш мумкин бўлган сувлар
Таҳорат қилиш мумкин бўлган сувлар
Инсон истеъмол қиладиган ва покланиш
учун ишлатадиган сувнинг асосини
устимизга раҳмат бўлиб ёғадиган ёмғирлар
ташкил қилади. Ўша покиза сувни
осмондан Аллоҳ туширади. Бу бандаларга
берилган улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло
айтади: “У Ўз раҳмати (яъни, ёмғир)
олдидан хушхабар қилиб шамолларни
юборган Зотдир. Ва Биз осмондан покиза
сув ёғдирдик” (Фурқон, 48).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло осмондан ёмғир
ёғдириши, у билан бандалар покланиши,
бу нарса одамлар учун раҳмат экани зикр
қилинмоқда. Ҳақиқатан, агар Аллоҳ
осмондан сув туширмаса, инсонлар
истеъмол қиладиган ва покланадиган сув
мавжуд бўлмас эди. Шу сабаб биз сувни
улуғ неъмат деб билишимиз лозим.
Таҳоратда сув энг муҳим нарса саналади.
Сабаби тупроқ билан қилинадиган
таяммум тўлиқ поклик ҳисобланмайди.
Таҳорат қилиш мумкин бўлган сувлар етти
қисмга бўладинади:
– денгиз суви;
– дарё суви;
– қудуқ суви;
– булоқ суви;
– қор суви;
– дўл суви;
– ёмғир суви;
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “эй
Расулуллоҳ, биз денгиз (кемалари) га
минамиз ва ўзимиз билан кам сув олиб
юрамиз. Агар у сув билан таҳорат қилсак,
чанқаб қоламиз. Денгиз суви билан
таҳорат қилаверайликми?” деган эди,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Унинг суви пок ва ўлимтиги ҳалолдир”,
дедилар” (Сунан соҳиблари, Доримий,
Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон,
Ҳоким, Дорақутний, Табароний “Кабийр”да
ривоят қилган. Термизий ҳадис санади
ҳасан-саҳиҳ, деган).
Денгиз суви шўр ва аччиқ бўлиб, ҳиди
бадбўй бўлади. У истеъмолга ярамайди.
Шу сабаб ҳам ривоятда истеъмол қилиш
мумкин бўлмаган денгиз сувини таҳоратда
қўллаш мумкинми ёки йўқми, деган савол
билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламга мурожаат қилинганида, у зот
денгиз суви пок ва бошқа нарсаларни ҳам
покловчи экани, унда яшаб, ўзи ўлган
ўлимтикларни ейиш ҳалол эканини баён
қилдилар. Бундан маълум бўладики,
денгиз суви билан таҳорат ва ғусл қилиш
жоиз.
Имом Шофеъий: “Бу ҳадис поклик
илмининг ярмидир”, деган экан. Ҳофиз ибн
Мулаққин эса: “Бу улуғ ҳадисдир. У
поклик асосларидан бири, кўп аҳком ва
муҳим қоидаларни жамлагандир”, деб
айтган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят
қилади: “Сувни бирон нарса ифлос
қилмайди” (Аҳмад, Табарий, Ибн Ҳиббон,
Дорақутний, Абу Яъло, Табароний “Кабийр”
ва “Авсат”да ривоят қилган. Ҳадис санади
саҳиҳ).
Агар сувнинг ҳиди, таъми ва рангига сувга
тушган нарса таъсир қилмаса ёки сув кўп
миқдорда бўлиб, унга тушган нарса кичик
бўлса, сувни ҳеч нарса ифлос қилолмайди.
Сабаби сувнинг асли пок. Буни қуйида
келадиган ривоятлар ва уларнинг шарҳи
орқали янада яхшироқ тушуниб оламиз.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Биз бир ҳовуз олдига
борган эдик, унда эшакнинг ўлимтиги бор
экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам олдимизга келгунларича бирон
нарса қилолмай қолдик. У зот келиб,
“сувни ҳеч нарса нопоп қилмайди”,
деганларидан сўнг аввал ўзимиз ичдик,
чорваларимизни суғордик ва ўзимиз билан
сув ҳам олдик” (Ибн Можа ва Табарий
ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ҳовузга тушган нажосат ундаги сувнинг
хусусиятини ўзгартирмаса, сувлик ва
поклик сифати йўқолмаса, бундай сув
нопок саналмайди.
Бу ерда зикр қилинаётган ҳовуз кенгроқ
ва ўлимтик унинг бир четида бўлган бўлса
керак. Акс ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам саҳобларга ўша сувдан
фойдаланишга рухсат бермаган
бўлардилар.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят
қилинишича, катта жилға ҳам оқар сув
ҳукмида бўлиб, агар унинг сифати
ўзгармаса, бу сув нопок бўлмайди. (“Ал-
Кифоя”, “Фатҳул-қодийр”).
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Кимдир: “Эй Расулуллоҳ, биз
Бузоаъ қудуғидан таҳорат қиламиз. Унга
ҳайз латталари, кучук ўлимтиги ва бадбўй
нарсалар ташланади”, деган эди,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта сув покдир, уни ҳеч нарса ифлос
қилмайди”, дедилар” (Абу Довуд,
Термизий, Насоий, Шофеъий, Аҳмад,
Табарий, Абу Яъло ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
Бузоъа Мадинадаги машҳур қудуқ номи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
челакда у ердан сув олиб таҳорат
қилганлар ва яна қайтиб сувни қудуққа
ташлаганлар. Бу билан қудуқ муборак
бўлган. Агар бирон киши бетоб бўлса, унга
Бузоъа суви билан ғусл қилиш тавсия
этиларди. Шунда бемор ҳеч нарса
кўрмагандек тузалиб кетарди. Бу
ривоятда ана ўша машҳур қудуқ суви
билан боғлиқ масала ҳақида сўз
бормоқда.
Бир киши Бузоъа қудуғига одамлар
томонидан эътиборсилик билан турли
чиқинди ва нопок нарсалар ташланишини
айтиб, у ердаги сувдан фойдаланиш
мумкинми ёки йўқми, деб сўраганида,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Бузоъа қудуғи катта экани, унга тушган
нопок нарсалар қудуқ сувини ифлос
қилмаслигини айтдилар.
Агар қудуққа ўлимтик суяги тушса, унинг
гўшти ва ёғи бўлса, сув ифлосланади. Акс
ҳолда фақат суякнинг ўзи сувни
ифлосламайди. (“Миърожуд-дироя”).
Инсон териси ёки пўсти сувга тушсаю, у
кам миқдорда бўлса, сувни ифлос
қилмайди. Агар кўп миқдорда бўлса, сувни
ифлослайди. Фақат тирноқ тушиши билан
сув ифлос бўлмайди. (“Ал-хуласоту”).
Нажосат тушган қудуқни қандай поклашга
оид ҳукмлар фиқҳ китобларида батафсил
ёритилган. Хоҳлаганлар тегишли
манбалардан бу ҳақида маълумот
олишлари мумкин.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят
қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам аёлларидан кимдир жунубликдан
ғусл қилгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ундан ортиб қолган сув билан
таҳорат қилдилар. У (аёл) буни у зотга
айтган эди, у зот: “Сувни бирон нарса
нопок қилмайди”, дедилар” (Насоий,
Аҳмад, Табарий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон,
Ҳоким, Табароний “Кабийр”да ривоят
қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Жунуб ёки таҳоратсиз одам бирон
идишдан ғусл қилса ёки таҳорат олса,
ундан қолган сувни ишлатиш мумкин.
Зеро, ортган сув унинг жунублиги ёки
бетаҳоратлиги билан ифлос бўлиб
қолмайди. Шунингдек, аёл қишидан қолган
сувни ғусл ва таҳоратда қўллаш жоиз. Бу
ҳақида турли ривоятлар келган.
Мазкур ривоятда жунубликдан ғусл қилган
аёл “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
аёлларидан кимдир” деб келтирилмоқда.
Аммо Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу
томонидан қилинган бошқа ривоятда ўша
аёл Маймуна розийаллоҳу анҳо экани
айтилган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Маймуна
онамиздан ривоят қилади: “Мен идишда
ғусл қилдим ва озроқ сув ортиб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
келиб ғусл ёки таҳорат қилмоқчи эдилар,
мен: “Бу сувда ғусл қилгандим!” дедим.
Шунда у зот: “Сувни бирон нарса ифлос
қилмайди”, дедилар” (Табароний
“Таҳзийбул-асар”да ривоят қилган).
Абу Умома ал-Боҳилий розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: “Агар (бирон нарса)
сувнинг ҳиди, таъми ва рангидан устун
келмаса, уни ҳеч нарса нопок қилмайди”,
дедилар” (Ибн Можа, Дорақутний,
Табароний “Кабийр”да ривоят қилган.
Ҳадис санади заиф).
Бу ривоятда сув қандай ҳолатларда
ифлосланиши айтилмоқда. Юқорида
сувнинг асли пок экани, уни ҳеч нарса
ифлос қилолмаслиги айтилди. Аммо баъзи
ҳолатларда сув нопок бўлади. Агар сувга
нажосат тушиб, унинг ҳиди, таъми ёки
ранги ўзгарса, бундай сув ифлосланган
саналади.
Покиза сувга бирон нарса тушиб, сувнинг
табиий ҳолини ўзгартирса, бундай сувда
таҳорат қилиш мумкин эмас. Сувга бирон
нарса тушиб, аралашиб кетса, оқувчанлик
ва суюқлик хусусияти йўқолса, сувнинг
табиий ҳолати ўзгарган саналади.
Сувга барг ёки мева каби нарсалар
арашласа-да, аммо унинг ҳиди, таъми ва
ранги ўзгармаса, бундай сувда таҳорат
қилиш жоиз.
Агар оқар сувга ўлимтик ёки хамр (маст
қилувчи ичимлик) каби нопок нарса тушса
ва сувнинг ранги, таъми ёки ҳиди
ўзгармаса, сув ифлосланмаган
ҳисобланади. (“Мунйатул-мусоллий”).
Куз фаслида сувга барг тушиб, унинг уч
сифатини ўзгартирса ҳам жумҳур ҳанафий
уламолар наздида бундай сув билан
таҳорат қилиш мумкин. (“Шарҳу мунйатил-
мусоллий”).
Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Умар
отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайвон ва
йиртқич жониворлар теккан сув ҳақида
сўралган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Агар сув икки қуллага етса, нопок
бўлмайди”, дедилар” (Сунан соҳиблари,
Доримий, Шофеъий, Аҳмад, Табарий, Ибн
Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва
Дорақутний ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
“Қулла” қирқ пақир миқдоридаги сув ёки
тахминан 204 килограммга тенг. Ана шу
миқдордаги сув очиқ жойда бўлса ва унга
ҳайвон ёки йиртқич тегса, ёки кам
миқдорда нажосат тушса, бу сув нопок
бўлмайди. Уни поклаш учун ишлатиш
жоиз.
Агарсув икки қулла ёки ундан кўп бўлса,
сувнинг ранги, ҳиди ёки таъми ўзгарса,
бундай сув пок ҳисобланмайди. Сабаби
бунда сувнинг асосий сифатларидан бири
ўзгарди.
Сувда туғиладиган қони йўқ ҳашаротлар
(масалан, балиқ, пашша, чивин)нинг
ўлимтиги сувни ифлос қилмайди.
Салмон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй Салмон, ҳар бир таом ва ичимликка
қони йўқ ҳашорат тушиб ўлиб қолса, уни
ейиш, ичиш ва (ўша сув билан) таҳорат
қилиш ҳалолдир”, дедилар” (Дорақутний
“Сунан”да ва Байҳақий “Ас-сунанул
кубро”да ривоят қилган. Ривоят санадида
заифлик бор).
Бунда мазкур ҳашарот ва жониворлар
сувда ўлсин ёки қуруқликда ўлиб, сўнг
сувга ташлансин, фарқи йўқ.
Демак, қони йўқ ҳашаротлар сувга тушиб,
ўлиб қолса ҳам сувни ифлосламайди. Агар
қони бор ҳашарот ёки ҳайвон сувга тушиб
ўлиб қолса ва сувнинг асосий
сифатларидан бири ўзгарса, бундай сувни
поклаш учун ишлатиб бўлмайди.
Оқадиган қони бўлмаган тахтакана,
пашша, ари ва чаён кабиларнинг сувда
ўлиб қолиши билан сув ифлос бўлмайди.
Шунингдек, сувда яшайдиган балиқ [1] ,
қурбақа ва қисқичбақанинг сувда ўлиши
сувни ифлос қилмайди. Бунда қурбақа
қуруқликда яшайдими ёки сувдами, фарқи
йўқ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сизлардан биронтангиз жунуб ҳолида
оқмайдиган сувда ғусл қилмасин!”
деганлар”, деб айтганида, бир киши: “Эй
Абу Ҳурайра, у ҳолда қандай қилади?” деб
сўради. У: “Қўли билан ҳовучлаб олади”,
деди (Муслим, Насоий, Ибн Можа, Ибн
Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий
ривояти).
Бу ривоятда оқмайдиган сувда ғусл қилиш
ўша сувни ифлос қилиши айтилмоқда.
Хоҳ кўп, хоҳ кам миқдорда бўлсин,
оқмайдиган сувга тушган ҳолда ғусл
қилиш мумкин эмас, балки идишда сув
олиб, бошқа жойда покланиш керак.
Шунингдек, булоқ ёки қудуқ бошида ҳам
ғусл қилиш тўғри эмас. Чунки бу билан
сувнинг поклиги йўқолиши, натижада
ўзгалар сувдан фойдалана олмай
қолишлари мумкин.
Оқмайдиган сувнинг миқдори кўп бўлса, у
оқар сув ҳукмида бўлиб, унинг бир четига
нажосат тушиши билан сув нопок бўлиб
қолмайди. Қачонки сувнинг асосий
сифатларидан бири ўзгарса, бундай сув
нопок бўлади.
“Сувлар ҳукми” бобида бунга ўхшаш
ривоятлар кўп. Уларда ҳовуз, қудуқ ва
оқар сувларнинг ҳукмлари батафсил
ёритилган. Бизнинг ҳозирги шароитда сув
асосан темир трубалар ёрдамида
одамларга етказиб берилади. Ҳозир
бундай ҳукмлар биз учун унчалик
аҳамиятга эга эмасдек туюлса-да, барибир
уларни ўрганиш фойдадан холи эмас.
Биринчидан, бу ҳукмларни ўрганиш орқали
сув улуғ неъмат экани, унинг қадрига етиш
лозимлиги, ҳозирги замонавий
қулайликлардан унумли фойдаланиш
кераклигини англаб етамиз. Қолаверса,
баъзи ҳолларда ҳар биримиз очиқ жойда
турган сувни қўллашимизга ёки қудуқ ва
ҳовузлардан сув олиб ишлатишга тўғри
келиб қолади. Ана шунда бу илм бизга ас
қотади. Яна бир нарсани эслатиб ўтиш
лозим, сувларнинг ҳозирги ҳукмлари ҳам
аслида ўша биз ўрганаётган ҳукмлардан
олинади. Бу эски ҳукмлар, уларни
ўрганмаса ҳам бўлади, деб эътиборсизлик
қилмасдан, шариатдаги ҳар бир бобни
батафсил ўрганиб бориш фойдадан холи
эмас.
Сувлар ҳукмига кўра қуйидаги турларга
бўлинади:
1. Тоза ва тозаловчи сув.
Бундай сувлар табиий ҳолдаги пок сув
бўлиб, улардан таҳоратда фойдаланиш
мумкин. Буларга юқорида санаб ўтилган
осмондан тушган (ёмғир ва қор) ва ердан
чиққан (булоқ ва қудуқ) сувлари киради.
2. Тоза ва тозаловчи, аммо таҳоратда
қўллаш макруҳи танзиҳий саналувчи
сувлар.
Бунга мушук ва шу каби уй ҳайвонлари
теккан сувлар мисол бўлади.
3. Тоза, аммо тозаловчи бўлмаган сувлар.
Бу мустаъмал (ишлатилган) сув бўлиб, у
таҳорат ёки ғуслда қўлланилган сувдир.
Ўсимлик ва мевалардан сиқиб
чиқариладиган сувлар ҳам шу турга
мансуб.
4. Нопок сув.
Оқмайдиган сувга нажосат тушса, гарчи
унда нажосат асари кўринмаса ҳам сув
нопок сув бўлади. Оқар сувга нажосат
тушиб, унинг асари сувда билинса, сув
нопок бўлади. Акс ҳолда нопок
ҳисобланмайди. Нажосатнинг асари
деганда уч сифатдан бири – таъми, ранги
ёки ҳиди кўзда тутилади.
5. Ўзи пок, аммо тозалаши шубҳали бўлган
сув.
Агар бирон идишдан эшак ёки хачир сув
ичса, қолган сув тозалаши шубҳали бўлган
сувдир.
Суърлар ҳукми
Инсон ва ҳайвон ичган сувдан қолгани
“суър” деб аталади ва у тўрт қисмга
бўлинади:
1. Тоза ва тозаловчи суър.
Бунга хоҳ мўмин, хоҳ кофир, хоҳ жунуб, хоҳ
ҳайзли бўлсин, оғзида нажосат бўлмаган
кишилардан қолган сув киради. Демак,
инсон зоти ишлатгандан қолган сув
покизадир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам аёлларидан бири идишда ғусл
қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ўша идишдан (сув олиб) таҳорат
қилмоқчи эдилар, ўша (аёл) : “Эй
Расулуллоҳ, мен жунуб эдим”, деди. У зот
эса: “Сув жунуб бўлмайди”, дедилар” (Абу
Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон
ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).
Маймуна розийаллоҳу анҳо онамиз катта
идишдан сув олиб, ғусл қилганларидан
сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ортиб қолган сув билан таҳорат
қилмоқчи бўлдилар. Маймун онамиз
мендан қолган сувни Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ишлатишлари қандай бўлар экан, устига-
устак мен жунуб эдим, деган хаёлда: “Эй
Расулуллоҳ, мен бу сувдан олиб
жунубликдан ғусл қилгандим”,
деганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Сен бу сувдан олиб ғусл
қилганинг билан ортган сув жунуб бўлиб
қолмайди, сендан қолгани покиза”, деган
маънода таълим бердилар. Бундан келиб
чиқадики, аёл кишидан (ҳатто у жунуб
бўлса ҳам) ортган сув билан таҳорат ва
ғусл қилиш жоиз. Ҳанафий, шофеъий,
моликий ва яна кўплаб уламолар бунга
иттифоқ қилишган. Аҳмад ибн Ҳанбал ва
Довудлар: “Агар аёл киши сувни бир ўзи
ишлатса, эркак киши ундан қолганини
ишлатиши мумкин эмас”, дейишган. Ҳасан
Басрий ва Саид ибн Мусаййаблар эса:
“Эркак аёлдан қолган сувни ишлатиши
мутлоқ кароҳарлидир”, деб айтишган.
Бу ихтилофлар боиси ривоятларнинг турли
хиллигидир. Лекин эркак аёлдан қолган
сувни ишлатиши жоиз экани ҳақидаги
далиллар кучлироқ саналади.
Агар сув ичаётган кишиниг оғзида ароқ,
ҳаром гўшт ёки ёғ, қон ва шунга ўхшаш
нарсалар бўлса, бундай сувлар нопок
саналади. Агар оғзида санаб ўтилган
нажосатлар бўлган киши оғзини ювса ёки
лабини бир неча марта ялаб, сўнг сўлагини
ютса, ундан қолган сув нажосат эмас,
балки макруҳдир.
Оғзи қонаб, кетидан сув ичган кишидан
қолган сув нопокдир. Агар у сўлагини бир
неча марта ютса, оғзи пок бўлади.
Агар хамр ичувчининг мўйлаби узун бўлса,
гарчи бир соатдан кейин сув ичса ҳам
идишдаги сув нопок бўлади
(“Татархонийя”).
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу
ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам даврларида эркак ва
аёллар бирга таҳорат қилар
эдилар” (Бухорий, Абу Довуд ва Насоий
ривояти).
Ушбу ривоятни уламолар турлича
тушунтиришган. Жумладан:
– эркак ва аёллар бир идишдан таҳорат
қилишарди;
– эркак ва аёллар бир жойда таҳорат
қилишарди. Яъни, аввал эркаклар, кейин
аёллар таҳорат қилишарди.
Биринчи қавл кучли саналади. Бу
ривоятда ҳижоб ояти нозил қилинишидан
олдинги ҳолат зикр қилинмоқда. Ибн Умар
розийаллоҳу анҳудан қилинган бошқа
ривоятда у Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам, саҳобалар ва аёллар бир идишдан
сув олиб, таҳорат қилаётганларини
кўргани айтилган.
Ҳижоб ояти нозил бўлишидан олдин
бегона эркак ва аёллар бир жойда
йиғилишлари жоиз бўлган. Ўраниш ҳукми
жорий бўлгач, бу одат секин-аста барҳам
топган.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, фақат бир-
бирига маҳрам бўлган эркак ва аёллар бир
жойда таҳорат қилишлари мумкин.
Хусусан, эр ва хотин бир идишдан таҳорат
ва ғусл қилиши мумкин.
Шунингдек, от[2] ва гўштини истеъмол
қилиш ҳалол бўлган ҳайвонлардан қолган
сув тоза ва тозаловчидир. Гўшти ҳалол
бўлган ҳайвон нажосатларни егач, унинг
оғзида ўша нажосат асари қолмаса, ундан
қолган сув макруҳдир. Кавш қайтарадиган
ҳайвонлар оғзида кавш қайтариб
чайнаётган нарсанинг асари бўлса, ундан
қолган сув нопок бўлади. Сабаби ҳайвон
кавш қайтарганда ошқозондаги нарсани
чайнаётган бўлади.
2. Нопок суър.
Гўштини истеъмол қилиш ҳаром бўлган
фил, ит, тўнғиз, бўри, тулки, шер, арслон,
маймун ва шу каби ҳайвонлардан қолган
сув ва бошқа нарсалар нажас саналади.
Бундай сув билан таҳорат қилиш мумкин
эмас. Бошқа нарсаларни поклашда ҳам
қўлланилмайди. Фақат зарурат бўлганда
уларни ишлатишга рухсат этилади.
Итдан қолган ичимлик ва таом нопокдир.
Аммо имом Молик наздида итнинг суъри
покиза саналади. Аммо улар ҳам
бошқалар қатори ит ялаган идишни етти
марта ювиш лозимлигини таъкидлашган.
Тўнғиз ҳақида Қуръони каримнинг Анъом
сурасининг 145-оятида “у нопокдир”,
дейилган. Тўнғиз итдан ҳам ёмонроқ
бўлиб, унинг нақадар нопоклиги, гўштининг
инсон саломатлигига қанчалик зиён
келтиришини ҳаммамиз яхши биламиз.
Ҳайвонлар сўлаги унинг гўштидан пайдо
бўлади. Шу сабаб гўшти истеъмол
қилинмайдиган ҳайвон теккан идишдаги
сувни ишлатиш мумкин эмас. “Ҳайвон
теккан” деганда, идишдан ичиши, унга
тилининг бир четини бўлса ҳам текказиши
ёки баданининг маълум қисмини
текказиши тушунилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят
қилади: “Агар биронтангизнинг идишидан
ит сув ичадиган бўлса, бас, уни етти марта
ювиб ташласин!” (Муслим, Абу Довуд,
Насоий, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн
Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Дорақутний
ва Табароний ривояти).
Бу ривоятда ит теккан ҳар қандай нарса
нопок бўлиши айтилиб, уни қандай
тозалаш борасида кўрсатмалар
берилмоқда.
Мазкур ҳадис жуда ҳам кўп ровийлар
томонидан ривоят қилинган. Бир ривоят
бошқасини тўлдиради, изоҳлаб келади.
Умумлаштириб ифодалаганда, ит ялаган
идишдаги нарса (хоҳ таом, хоҳ сув бўлсин)
тўкиб ташланади ва етти марта ювилади.
Улардан биринчиси, охиргиси ёки етти
мартадан биронтаси тупроқ билан
ювилади. Сабаби ит сўлагида зарарли
микроблар бўлиб, идишни ялаганда ўша
микроблар идишга ўтиб, инсонни касаллик
чалинтириши мумкин. Шу сабаб бундай
идишлар тупроқ билан ювилса, тоза
бўлади.
Аксар уламолар ит теккан идишни етти
марта ювиш лозимлигини таъкидлашган.
Бироқ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ
уни уч марта ювиш кифоя қилишини
айтган. Бунга ҳам далиллар бор.
Уламолар итнинг ялаши, унинг бавли,
тезаги, қони, териси, туки, сўлаги ёки
аъзоларидан биронтаси тегиши орасида
фарқ йўқлиги, агар бу аъзолар покиза
нарсага тегса, уни етти марта ювиш лозим
бўлишини айтишган.
Чорасизликдан ўлимтик гўштини ейиш
мумкин бўлганидек зарурат юзасидан ит,
тўнғиз, маймун каби ҳайвонлардан қолган
сувни ишлатиш ҳам жоиз.
3. Тоза сув борлигида қўллаш макруҳ
бўлган сув.
Бунга уй ҳайвонларидан мушук, хонаки
товуқ, бургут кабилардан қолган сув
киради[3] . Агар киши мазкур
ҳайвонларнинг ҳолатидан бехабар бўлса,
улардан қолган сув макруҳ бўлади. Агар
уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб, пок
нарсани еб сўнгра сув ичгани аниқ
билинса, бу сувдан фойдаланиш макруҳ
эмас.
Ибн Абу Қатоданинг завжаси Кабша бинти
Каъб ибн Моликдан ривоят қилинишича,
Абу Қатода уйга кирганида, (Кабша) унга
таҳорат сувини қуйиб турди. Шунда бир
мушук келиб ундан ичди. (Абу Қатода)
мушукка идишни энгаштирди ва мушук
ундан ичишда давом этди. Кабша айтади:
“Мен унга қараб турганимни кўриб қолиб,
“эй биродаримнинг қизи, ҳайрон
бўлаяпсанми?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим.
Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам: “У (мушук) нопок эмас. Унинг
эркаги ҳам, урғочиси ҳам сизларнинг
атрофингизда айланиб юради”, деганлар”,
деди” (Абу Довуд, Насоий, Доримий,
Молик, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий,
Дорақутний ва Абдураззоқ ривояти.
Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ривоятда идишга мушук тегиши ёки
ундан сув ичиши билан ўша идиш ва
ундаги нарса нопок бўлмаслиги
айтилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг ўзлари унинг нопок
эмаслиги, у одамлар уйида яшаб,
атрофларида юришини айтганлар.
Довуд ибн Солиҳ ибн Дийнор ат-Таммор
онасидан ривоят қилишича, онасини озод
қилган аёл у орқали Оиша розийаллоҳу
анҳога ҳарийса бериб юборибди.
(Довуднинг онаси) борса, Оиша
розийаллоҳу анҳо намоз ўқиётган экан. У
ҳарисани қўй, деб ишора қилибди. Шунда
бир мушук келиб, ундан ебди. Оиша намоз
ўқиб бўлгач, ҳарисанинг мушук еган
жойидан олиб ебди ва: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (мушук)
нопок эмас. У сизнинг атрофингизда
айланиб юради”, деганлар. Мен Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам (мушукдан)
қолган сув билан таҳорат қилганларини
кўрганман”, дебди (Абу Довуд,
Дорақутний, Байҳақий ва Табароний
ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
“Ҳарийса” ун, ёғ ва шакар қўшиб
тайёрланадиган ширинлик тури.
Бу ривоятда ҳам мушук пок экани, ундан
қолган таомни ейиш, мушукдан қолган сув
билан таҳорат қилиш жоизлиги
айтилмоқда.
Баъзи уламолар ушбу ривоятни далил
қилиб, “гарчи гўшти ейилмаса ҳам, асли
покиза бўлган йиртқич ҳайвон ва
қушлардан қолган суърлар покизадир”,
деб айтишган.
Саҳоба ва тобеъинлардан кўпчилиги,
улардан кейингилар, жумладан, Шофеъий,
Аҳмад, Исҳоқ, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн
Ҳасанлар мушукдан қолган нарсани
ишлатишда кароҳат йўқлигини айтишган.
Аммо Абу Ҳанифа: “Мушук ҳам худди
йиртқич ҳайвон каби нопокдир. Аммо
унинг ҳукми енгилроқ ва ундан қолган
нарса макруҳдир”, деб айтган.
Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади:
“Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам бир идишдан таҳорат қилар эдик.
(Баъзида) таҳорат қилишимиздан олдин у
идишга мушук теккан бўларди” (Ибн Можа
ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади
саҳиҳ).
Оиша розийаллоҳу анҳо ва Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушук
теккан идишдан сув олиб таҳорат
қилишлари ҳам мушук нопок эмаслигига
далолат қилади.
Мушукнинг оғзида нажосат бўлиб,
идишдан сув ичса, ундан қолган сув нопок
бўлади. Агар унинг оғзи поклиги аниқ
бўлса, ундан қолган сув ҳам покдир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят
қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ансорлардан бир қавмнинг уйига
борар эдилар. Улардан кейин бир уй бор
эди. Бу ҳолат ўша уй соҳибларига оғир
ботиб, “эй Расулуллоҳ, субҳаналлоҳ,
фалончининг уйига келасизу, нега бизнинг
уйга келмайсиз?!”дейишди. Шунда Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чунки
уйингизда ит бор”, дедилар. Улар эса:
“Уларнинг уйида мушук бор-ку?!”
дейишганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Мушук йиртқичдир”,
дедилар” (Аҳмад, Ҳоким ва Дорақутний
ривояти. Ривоят санади заиф).
Мана шу ривоятни далил қилиб, Абу
Ҳанифа мушукдан қолган нарса
макруҳдир, деб айтган[4] . Аммо мушукнинг
суъри ит, тўнғиз ёки маймунникидан
енгилроқ эканини ҳам алоҳида
таъкидлаган мазҳаббошимиз [5] . Ҳанафий
уламолар бунинг сабабини тушунтириб,
мушукнинг суъри поклиги маълум шароит
ва маконга оидлиги, мушук сичқон ва
шунга ўхшаш нопок нарсаларни еб
юришини айтишган. Агар бошқа сув
бўлмаса, мушук теккан сувда таҳорат
қилинаверади. Агар имкони бўлса,
поклигида шубҳа бўлмаган сувда таҳорат
қилиш афзалроқ, дейилади уламоларимиз
томонидан.
Шу ерда бир муҳим жиҳатни эслатиб
ўтишимиз лозим. Мушукдан қолган сув
макруҳ, деганда унинг нопоклиги
тушунилмаслиги керак. Аслида мушукнинг
суъри покиза. Фақат аввал айтиб
ўтганимиздек, бошқа покиза сув турганда
мушукдан қолган сув билан таҳорат
қилмаган яхши.
Пок сув бўла туриб, макруҳ сув билан
таҳорат қилиш макруҳ. Агар бошқа сув
бўлмаса, макруҳ сув билан таҳорат қилиш
жоиз. (“Ал-ихтийар шарҳул-мухтар”).
Агар йиртқич қушлар хонадонда боқилиб,
унинг эгаси қуш тумшуғида нопок нарса
йўқлигини аниқ билса, ундан қолган сувни
ишлатишнинг ёмон ери йўқ.
4. Тозалаши шубҳали бўлган суър.
Бунга эшак ва хачирдан ортиб қолган сув
киради.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг нидочилари келиб, “албатта
Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни эшак
гўшти (истеъмоли) дан қайтаради. Чунки у
нопок нарса”, деди” (Насоий, Доримий,
Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти.
Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ерда эшак гўшти нопок экани, Аллоҳ
таоло ва У Зотнинг Расули соллаллоҳу
алайҳи ва саллам мусулмонларни эшак
гўшти истеъмолидан қайтарганлари
айтилмоқда.
Ривоятда айнан эшакдан қолган сув
ҳақида гап кетмаётган бўлса ҳам, унинг
гўшти нопоклигидан ундан қолган сув ҳам
пок эмаслигини билиб оламиз. Бироқ эшак
гўшти ҳақида бошқа ривоятлар ҳам бор.
Уламолар ана ўша ривоятлардан келиб
чиқиб, таҳоратда эшакдан қолган сувни
ишлатиш шубҳали, деб айтишган.
Агар сув топилмаса ва фақат эшак ёки
хачирдан қолган сув бўлса, ўша сув билан
таҳорат қилинади, яна эҳтиёт юзасидан
таяммум ҳам қилиб олиниб, сўнгра намоз
ўқилади[6] . Бунда аввал таҳорат
қиладими ёки таяммумми, фарқи йўқ.
Бироқ, аввал таҳорат, кейин таяммум
қилиш афзал. Уламолар эшакдан қолган
сув билан таҳорат қилаётганда эҳтиёт
юзасидан ният қилиш яхши эканини
айтишган. (“Ал-Баҳрур-роиқ”).
Эшак ёки хачир гўштининг поклигида эмас,
балки поклашида шубҳа бор. Чунончи,
эшак ва хачирдан қолган сув кийим, бадан
ва сувни ифлос қилмайди, аммо
бетаҳоратликни кетказмайди.
Эшак гўштининг ҳалол ёки ҳаромлиги
борасида турли далиллар бор. Саҳобалар
ҳам унинг нажас ёки поклиги ҳақида
ихтилоф қилишган [7] . Эшак ва хачир
инсонга яқин бўлган ҳайвон саналади.
Унинг идишлардан сув ичиш эҳтимоли
кўпроқ. Шунингдек, эшак ва хачир улов
сифатида ҳам қўлланилади. Унинг суърида
шубҳа бўлишига мана шу омиллар ҳам
сабабчидир.
Ҳанафий мазҳабига кўра, эшак ва
хачирнинг сўлаги шубҳасиз пок. Фақат
ундан қолган сувнинг поклашида шубҳа
бор, холос.
Эшак гўшти ҳукми ҳақида аввал бир
ривоятни ўргандик. Унда эшак гўшти
ҳаром экани айтилди. Дорақутний ва
Байҳақийлар келтирган ривоятда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
очарчилик пайтида бир кишига эшак
ёғидан фойдаланишга рухсат берганлари
айтилган. (Бу ривоят санади саҳиҳ эмас).
Бу борада Анас розийаллоҳу анҳудан
қилинган ривоят саҳиҳроқ саналади. Агар
бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида
ихтилоф қилинса, у ҳаром деб қабул
қилинади.
Ҳайвонларнинг қайси турга оидлигини
аниқлашда она эътиборлидир. Масалан,
бўри урғочи қўй билан қўшилиб, улардан
бўри туғилса, уни ейиш ҳалол бўлади.
Ҳатто уни қурбонликка сўйиш ҳам мумкин.
(“Ал-Баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ”).
Агар эшак бия (отнинг урғочиси) билан
қўшилса, ундан туғилган хачир гўштини
ейиш макруҳ эмас. Шунга кўра унинг
суъри ҳам шубҳали бўлмайди. (“Ал-
Ғойату”).
“Навозил” китобида: “Эшакдан қолган
сувни ичиш ҳалол эмас”, дейилган. Ибн
Муқотил эса: “Бунинг зарари йўқ”, деган.
Фақиҳ Абу Лайс: “Эҳтиёт юзасидан бундай
сувни ичмаган махқул”, деб айтган.
Ҳар қандай ҳайвондан чиққан тер ундан
қолган сув ҳукмидадир.
Агар эшак ёки хачирнинг тери ё сўлаги оз
миқдордаги сувга тушса, гарчи тер ва
сўлак кам бўлса ҳам, сувни ифлос қилади.
(“Ҳидоя”).
Категория: Фиқҳ | Просмотров: 1490 | Добавил: Sayyod_Bek | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Создать сайт
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024

    Создать бесплатный сайт с uCoz