Савол: ассалому алайкум, Одилхон қори ака. Сиздан сўрамоқчи бўлган нарсам шуки, бир ойда ҳожатимдан ортган нақд пул маблағларимни банк муассасалари хизматидан фойдаланиб, ҳар ойда омонат дафтарчасига қўймоқчи эдим (уйда турса, пул унга-бунга ишлатилиб кетади). Лекин бир дўстим: “Бундай қилиш мусулмон учун жоиз эмас, ҳар бир омонат учун банкда сенга фоиз қўшилади”, деди. Шу ҳолатга ўз муносабатингизни билдирсангиз. Олдиндан раҳмат! Жавоб: динимиз Исломда қўлда турган пулни кўпайтиришга, уни айлантириб, ўзи ва ўзгаларга манфаат етказишга тарғиб қилинади. Албатта бу иш ҳалол йўл билан амалга оширилиши керак. Масалан, пулни музораба ёки бошқа усуллар билан кўпайтириши мумкин. Музораба мисолида оладиган бўлсак, бир одам бошқа одамга маълум миқдорда пул беради ва ишчи билан шартнома имзолайди. Бу шартнома ёзиб қўйилади. Иш якунлангач, ҳаражатлар чиқариб ташланиб, фойда ўртада ўзаро келишилган ҳолда тақсимланади. Мана шу ҳалол, Ислом рухсат берган ишдир. Исломда бир одамдан пул олиб, ойига фалон сўмдан бераман ёки бир одамга пул бериб, ойига мана шунча берасан, дейиш мумкин эмас. Бу судхўрликдир. Музорабада эса фойда вазиятга қараб тақсимланади. Маълумки, тижоратда ҳар доим ҳам фойда кўрилавермайди. Шундай ҳолда олдиндан келишиб олинган пул бериладиган бўлса, ишловчига (пул олган одамга) зулм бўлади. Шу сабаб банкдан пул олмоқчи ёки омонатга пул қўймоқчи бўлган шахс музораба шартларига мувофиқ иш тутиши лозим. Банк муассасалари музораба шартига амал қилсалар, банкдан пул олиш ёки банкка пул қўйиш жоиз. Яна қайтариб айтамиз, олдиндан маълум миқдор пул бериш ё олишни келишиб иш тутиш мумкин эмас. Музораба ҳақида тўлиқроқ маълумотни “Фиқҳ” бўлимидан олишингиз мумкин. Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳалол ҳаёт кечиришни насиб этсин!